Тошкентда Кореянинг яна бир нуфузли университети филиали ташкил этилади
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари — Рақамли ривожланиш департаменти раҳбари А.Дўсмуҳамедов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фахрий маслаҳатчиси, Корея–Ўзбекистон бизнес ассоциацияси бош директори жаноб Эдвард Ким иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида жойлашган нуфузли олий таълим муассасаларидан бири — Квангвун университетининг Ўзбекистондаги филиалини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Сеул шаҳрида жойлашган Квангвун университети (Kwangwoon University) 1934 йилда Кореядаги илк радио ва электротехника ўқув маркази сифатида ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда электроника, муҳандислик ва ахборот технологиялари соҳасида етакчи таълим даргоҳларидан бирига айланган. Ушбу нуфузли олийгоҳ ўз талабаларига етакчи халқаро корпорациялар билан ҳамкорлик қилиш ва замонавий илмий лойиҳаларда иштирок этиш учун кенг имкониятлар тақдим этади.

Ташаббус доирасида сунъий интеллект, дастурий таъминот, компьютер ва ахборот муҳандислиги, ахборот конвергенцияси ҳамда робототехника йўналишларида замонавий таълим ва илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш кўзда тутилган. Лойиҳани амалга ошириш учун Тошкент шаҳар Инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси томонидан учта манзил таклиф этилди.

Учрашув якунида ушбу манзилларни университет талаблари асосида ўрганиш, филиал учун мақбул жойни танлаш, таълим йўналишлари ва зарур инфратузилмага қўйиладиган талабларни белгилаш ҳамда лойиҳани амалга ошириш бўйича кейинги ишлар кетма-кетлигини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА