Ўзбекистон миллий аккредитация тизими 14 та йўналиш бўйича халқаро даражада тан олинди
Тошкентда 26 ноябрь куни "Ишонч, инновация ва барқарор ривожланиш – аккредитациянинг стратегик мақсади" мавзусида халқаро минтақавий анжуман бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон миллий аккредитация тизимининг халқаро талабларга мувофиқлиги, баҳолаш натижаларининг жаҳон миқёсида тан олиниши ҳамда шу орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
“Ўзбекистон аккредитация маркази” давлат муассасаси томонидан ташкил этилган тадбирда халқаро ва минтақавий ташкилотлар, хорижий аккредитация органлари вакиллари, маҳаллий мутахассислар ҳамда соҳага оид бошқа манфаатдор томонлар иштирок этди. Анжуманнинг фахрий меҳмони ва асосий маърузачиси сифатида Глобал аккредитация ҳамкорлиги ташкилоти (Global ACI) раиси Браҳим Хула қатнашди.
Тадбирнинг энг муҳим воқеаларидан бири, Ўзбекистон миллий аккредитация тизимига халқаро тан олиш сертификатининг топширилиши бўлди. Мамлакатимиз аккредитация органи халқаро паритет баҳолашдан муваффақиятли ўтиб, 14 та йўналиш бўйича Global ACI ва Осиё-Тинч океани аккредитация ҳамкорлиги (APAC)нинг кўп томонлама тан олиш келишуви доирасига киритилди.
Ушбу натижа Ўзбекистондаги аккредитация хизматлари халқаро стандартларга тўлиқ мос келишини тасдиқлайди. Амалий жиҳатдан эса миллий тизим доирасида баҳоланган лабораториялар, сертификатлаштириш ва инспекция органлари хулосаларининг хорижий ҳамкорлар томонидан тўғридан-тўғри тан олинишига хизмат қилади. Натижада маҳсулотларни экспорт қилишда такрорий синов ва баҳолаш жараёнларига эҳтиёж камайиб, вақт ҳамда харажатлар тежалади. Бошқача айтганда, соҳада “бир маротаба синовдан ўтказиб – барча жойда қабул қилиш” тамойили амалда ишлай бошлайди.

– Аккредитация, ишонч ва инновацияни таъминлаш, шунингдек, барқарор ривожланишга кўмаклашиш воситасидир, – дейди Браҳим Хула. – Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда тан олинган сифат инфратузилмасини шакллантиришга интилаётгани қувонарли. Мамлакатингиз кейинги йилларда бу борада сезиларли натижаларга эришди.
Унинг таъкидлашича, сифат инфратузилмаси фақат аккредитация билан чекланиб қолмайди. У метрология, стандартлаштириш, мувофиқликни баҳолаш ва бозор назорати каби ўзаро боғлиқ йўналишларни ҳам қамраб олади. Мазкур соҳаларнинг уйғун ривожланиши маҳсулотлар сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, истеъмолчилар ишончини мустаҳкамлаш ҳамда халқаро савдони қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади.
“Ўзбекистон аккредитация маркази” директори Бекзод Шариповнинг қайд этишича, миллий аккредитация тизимининг халқаро даражада тан олиниши мамлакат экспортчилари учун улкан амалий аҳамиятга эга.

– Бугунги кунда лабораториялар томонидан маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлиги халқаро талаблар асосида баҳоланишида, шунингдек, ушбу натижаларнинг хорижда тан олинишини таъминлашда аккредитация муҳим ўрин тутади, – дейди у. – Бу, айниқса, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида янада долзарб аҳамият касб этади. Чунки халқаро савдода маҳсулот сифати ва уни баҳолаш хулосаларига нисбатан юқори ишонч бўлиши зарур.
Директорнинг маълум қилишича, 2026 йил май ойида Ўзбекистон миллий аккредитация тизими ISO/IEC 17011 стандарти талаблари бўйича 12 нафар хорижий эксперт иштирокидаги баҳолашдан ўтказилган. Бу жараён тизимнинг глобал талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш ва унинг натижаларини жаҳон миқёсида тан олиш учун асос бўлди.
Соҳадаги ислоҳотлар фақат халқаро эътироф билан чекланмаяпти. Марказда аккредитация жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, бу аризаларни кўриб чиқишда шаффофликни ошириш, ортиқча қоғозбозликни қисқартириш ва тадбиркорлар вақтини тежашга хизмат қилмоқда.
Анжуманда минтақавий шериклик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Беларусь ва Россия аккредитация органлари вакилларининг иштироки ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда савдодаги техник тўсиқларни камайтириш юзасидан фикр юритиш имконини берди.
– Аккредитация марказининг фаолияти бошқа соҳалардан ажралган ҳолда ривожлана олмайди. Стандартлаштириш, сертификатлаштириш, саноат ва қурилиш соҳаларидаги тартибга солувчи идоралар билан яқин ҳамкорлик муҳим, – дейди Ўзбекистон аккредитация маркази” директори Бекзод Шарипов. – Чунки умумий мақсадимиз, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг жаҳон бозорларида рақобатбардошлигини ошириш, уларнинг сифати ва хавфсизлигини халқаро стандартлар асосида баҳолашдан иборат.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги фармони билан миллий аккредитация тизимида халқаро даражада тан олинган хизматлар турини 14 тага етказиш вазифаси белгиланган. Жумладан, малака синовлари провайдерлари, стандарт намуналар ишлаб чиқарувчилар, тиббий лабораториялар ва инспекция органларини халқаро стандартлар асосида аккредитация қилиш йўналишларини ривожлантириш кўзда тутилган.
Умуман олганда, миллий аккредитация тизимининг халқаро тан олиниши маҳаллий корхоналар учун ташқи бозорларга чиқишдаги техник тўсиқларни бартараф этиш, маҳсулотлар сифатига ишончни ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилади. Бу жараённинг асл самараси эса халқаро талабларга мос баҳолаш хизматларининг амалиётда қанчалик кенг қўлланиши ва тадбиркорларга қандай реал фойда келтириши билан ўлчанади.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА мухбири