Хонобод — лимончилар қишлоғи
Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида иссиқхонадан яхши даромад кўраётган кўплаб тадбиркорлар топилади. Улардан бири “Сойёни” маҳалла фуқоралар йиғинидаги иссиқхона — “Фар цитрус” фермер хўжалиги раҳбари, “Шуҳрат” медали соҳиби Ҳикматжон Жўраевдир.
Маҳаллада бир неча йиллардан буён фаолият юритиб келаётган, лимончиликка ихтисослашган бу иссиқхонанинг бунёд бўлишида Ҳикматжоннинг падари бузруквори, раҳматли Юсуфжон отанинг хизматлари катта бўлган. Бугун отанинг ишини фарзандлар давом эттиришяпти.

Фермер хўжалиги иссиқхонасидан бу йил камида 25 тонна лимон ҳосили олиш мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, Лимончилар қишлоғи номи билан юритилувчи Хонободда 90 фоиз аҳолининг томорқасида иссиқхона бор. Уларда йилига 4-5 минг тонна лимон етиштирилади.

Лимончи тадбиркорлар айни пайтда иссиқхонадаги пишган лимонларни узиб, сақлаш учун музлаткичларга жойлашаяпти. Вақти билан бу лимонлар маҳаллий бозорларда сотилади, шунингдек, хорижга экспорт қилинади.

Туроб Ниёзов, ЎзА