Ўзбекистон ва Корея 8,5 миллион долларлик лойиҳани бошлайди
Углерод бирликлари халқаро савдосида иштирок этиш учун ҳуқуқий механизмлар, малакали мутахассислар ва амалий лойиҳалар зарур. Ўзбекистонда ушбу йўналишларни ривожлантириш мақсадида Корея Республикаси билан янги ҳамкорлик дастури йўлга қўйилмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Обидхўжаев Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамда Глобал яшил ўсиш институти (GGGI) вакиллари билан ўтказган музокаралари давомида мазкур масалаларга алоҳида эътибор қаратди.
Мулоқот натижасида Париж битимининг 6-моддаси асосида Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳа учун 8,5 миллион долларлик грант маблағини жалб этиш бўйича ҳужжатлар имзоланди. Ташаббус KOICAнинг техник кўмагида GGGI билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Лойиҳанинг асосий вазифаларидан бири мамлакатда углерод бирликлари билан боғлиқ жараёнларни бошқариш тизимини шакллантириш. Бунинг учун Ўзбекистон ва Корея ўртасида савдо операцияларини амалга ошириш тартиби, амалий қўлланмалар ҳамда ўзаро ҳамкорлик режаси тайёрланади.
Мутахассислар тайёрлаш ҳам дастурнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Углерод лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва бошқариш бўйича кадрлар тайёрлайдиган махсус марказ ташкил этилади. Марказнинг моддий-техник базаси яратилиб, зарур жиҳозлар ўрнатилади ва ўқув дастурлари ишлаб чиқилади.
Шу билан бирга, грант маблағлари иқтисодиётнинг бевосита экологик натижа бериш мумкин бўлган тармоқларига ҳам йўналтирилади. Қишлоқ хўжалиги, энергетика ва сув ресурслари соҳаларида иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга қаратилган пилот ташаббуслар амалга оширилади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА