Ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашилди
Зарафшон шаҳар ҳокими Назирбек Раҳманов “UZCOPPER HOLDING” компаниясининг техник директори Артур Зиязиддинов бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.
Шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, учрашувда компания йўналишлари, Мининг фаолияти, “Мурунтов” конида амалга оширилиши режалаштирилаётган кончилик ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишлари атрофлича муҳокама қилинди.
Музокараларда кончилик соҳасида замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнлари самарадорлигини ошириш, мавжуд техник ва технологик имкониятлардан оқилона фойдаланиш ҳамда истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Компания “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ пудратчиси сифатида “Мурунтов” конининг ғарбий, жанубий ва жануби-шарқий участкаларида қоплама тоғ жинсларини бурғилаш, экскавация қилиш, ташиш ва уларни жанубий ҳамда шарқий ағдармаларга жойлаштириш ишларини амалга оширади. Шунингдек, лойиҳа доирасида замонавий вахта шаҳарчаси (1000 кишилик), таъмирлаш базаси, ёқилғи-мойлаш материаллари омбори ҳамда автоном сув таъминоти ва тозалаш иншоотларини ўз ичига олган хизмат кўрсатувчи инфратузилма барпо этилиши режалаштирилган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири