Ўзбекистон–Корея Республикаси: ўрмонларни тиклаш ва экологик барқарорликни сақлаш бўйича ҳамкорлик
Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Корея Республикасига ташрифи доирасида Корея Ўрмон хўжалиги хизмати (KFS), Осиё ўрмон хўжалиги ҳамкорлиги ташкилоти (AFoCO) ва Миллий боғлар хизмати (KNPS) раҳбарияти билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда ўрмонларни тиклаш, чўлланишга қарши курашиш, биохилма-хилликни асраш ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ривожлантириш бўйича янги қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди.
Хусусан, Экология қўмитаси ҳамда KFS ўртасида ўрмонларни рақамли тиклаш ва иқлим бўйича чора-тадбирлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат доирасида Оролбўйи ҳудудидаги ерларни тиклаш ва чўлланишга қарши курашиш бўйича йирик қўшма лойиҳани амалга ошириш устувор йўналиш сифатида белгиланди. Бунда “Корея–Монголия яшил камари” (“Korea–Mongolia Greenbelt”) лойиҳаси тажрибасидан фойдаланилади.
Шунингдек, 2027–2029 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, Ўзбекистонда 27 та ботаника ва дендрология боғини ташкил этиш дастури доирасида Кореянинг тегишли ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишга келишилди. AFoCO билан учрашувда Ўзбекистоннинг ташкилотга қўшилиш жараёнларини якунлаш ва қўшма лойиҳаларни ишга тушириш бўйича аниқ қадамлар белгиланди.
Жумладан, Фарғона вилоятида Ўзбекистон – AFoCO – KT&G “Green Globe Project Uzbekistan Pine Forest” лойиҳасини 2027–2029 йилларда Корея Республикаси маблағлари ҳисобидан амалга ошириш режалаштирилди. Бундан ташқари, юқори технологияли кўчатхоналар ташкил этиш, in vitro лабораториясини модернизация қилиш, углерод лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда қурғоқчиликка чидамли экинларни тижоратлаштириш бўйича учта янги лойиҳа тайёрланади.
Оролбўйи ландшафтларини кенг кўламда тиклаш учун Яшил иқлим жамғармасига (GCF) қўшма ариза тайёрлаш ҳам кўзда тутилган.

KNPS билан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш, биохилма-хилликни сақлаш, экотуризм ва экологик таълим соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Биринчи пилот лойиҳа сифатида “Ўзбекистон – Корея” намунавий миллий боғини ташкил этиш белгиланди. Шу билан бирга, замонавий ташриф буюрувчилар марказини ташкил этиш, тоғ қўриқчилари ва қидирув-қутқарув хизматини йўлга қўйиш, миллий боғларни замонавий техника билан жиҳозлаш ҳамда муҳофаза этиладиган ҳудудлар учун ягона рақамли мониторинг марказини яратиш масалалари бўйича келишувларга эришилди.
Азиз Абдуҳакимов Корея Республикасида ўтказилган Ўрмонлар ва иқлим масалалари бўйича Корея – Марказий Осиё вазирлар форуми ҳамда Вазирлар мулоқотида ҳам иштирок этди. Унда Ўзбекистон томонидан Марказий Осиёда “яшил” ҳамкорликни ривожлантириш бўйича янги ташаббуслар илгари сурилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА