Касблар кўргазмаси ўтказилди
Ёшларни касбга йўналтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, аҳоли даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Гулистон шаҳрида «Келажак тадбиркори – 2026» касблар кўргазмаси ўтказилди.
Ҳунармандлар масканида ташкил этилган тадбирда талаба ва ёшлар, иш изловчилар, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги фуқаролар, иш берувчилар, тижорат банклари ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Кўргазма Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, «Ўзмиллийбанк» АЖ, банкнинг «Келажакка қадам» маркази, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбир аввалида мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга замонавий касбларни ўргатиш, таълим олиши, иш билан таъминланиши ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида видеолавҳа намойиш этилди.
Кўргазманинг очилишида Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Фахриддин Қўшоқов ҳамда «Ўзмиллийбанк» АЖнинг «Келажакка қадам» маркази раҳбари Элмурод Ҳошимовлар сўзга чиқишди.
Тадбирда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг бизнес ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида жорий этилаётган янги механизмлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги «Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида «Келажакка қадам» дастури йўлга қўйилди. Дастур доирасида битирувчиларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш, тадбиркорликка қизиқиши бўлган ёшларнинг бизнес ғояларини лойиҳага айлантириш ҳамда уларни қулай шартларда молиялаштириш механизмлари назарда тутилди.
Мазкур йўналишдаги ишлар 2026 йилда ҳам янги ёндашувлар асосида давом эттирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 июндаги «Тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали ёшлар бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан «Ёшлар бизнеси» ва «Келажакка қадам» дастурларини янада ривожлантириш, шунингдек, улар доирасида ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги механизмлар жорий этилди.
Қарорга мувофиқ, «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан «Келажакка қадам» дастури доирасида «Келажак тадбиркори» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги талаба ва ёшларга 20 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратиш, фаолиятини кенгайтириш учун 2 миллиард сўмгача, талаба ва ёшларни иш билан таъминлаган тадбиркорлик субъектларига эса 10 миллиард сўмгача кредит бериш имкониятлари кўзда тутилган.
[gallery-31503]
Кўргазмада вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси томонидан ҳудуддаги 400 га яқин корхона ва ташкилотда мавжуд 3 минг 900 дан ортиқ бўш иш ўрни иштирокчиларга таклиф қилинди.
Иш изловчилар иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилишиб, мавжуд вакансиялар, уларга қўйиладиган талаблар ва меҳнат шароитлари билан танишди. Мос номзодлар учун шу ернинг ўзида суҳбатлар ташкил этилди.
Кўргазмада Камбағалликни қисқартириш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорликни ривожлантириш, томорқадан самарали фойдаланиш каби йўналишларда ажратиладиган субсидия, ссуда ва имтиёзли кредитлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Жумладан, белгиланган тоифага кирувчи фуқаролар учун кредит фоизларининг жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланиши тартиби тушунтирилди.
Иш изловчилар учун рақамли имкониятлардан фойдаланишга ҳам эътибор қаратилди. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ишга туширилган «Osonish.uz» платформаси иштирокчиларга таништирилди. Талабгорларнинг резюмелари платформага жойлаштирилиб, зарур ходим қидираётган иш берувчилар билан бевосита суҳбатлар ташкил этилди. Ўтказилган мулоқотлар натижасида 25 га яқин иш изловчига ишга жойлашиш учун йўлланма берилди. Шунингдек, кўргазма доирасида «Бўш иш ўринлари ва амалиётлар», «Реал иш берувчилар билан учрашув», «Тадбиркорлик ва молиявий имкониятлар» йўналишларида майдончалар ташкил этилди.
Иштирокчилар бу ерда иш берувчилар билан учрашиш, бўш иш ўринлари билан танишиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар ҳақида маълумот олиш, тижорат банклари вакилларидан кредит ва молиявий ресурслар бўйича маслаҳат сўраш имкониятига эга бўлди.
Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги ёшлар учун бизнес лойиҳаларини шакллантириш, молиявий манбалардан фойдаланиш ва ўз ғояларини амалга ошириш бўйича зарур тушунтиришлар тақдим этилди.
Кўргазманинг яна бир муҳим қисми талаба ёшлар, банк вакиллари ҳамда Сирдарёда фаолият юритаётган тадбиркорлар иштирокидаги очиқ мулоқот бўлди. Унда «Ўзмиллийбанк» АЖнинг «Келажакка қадам» маркази раҳбари Элмурод Ҳошимов, Гулистон шаҳридаги «Мили текс Сирдарё» МЧЖ раҳбари Шавкатжон Жалилов, «Дониёрова Азиза» ЯТТ раҳбари Азиза Дониёрова ҳамда «Бетонсаноат» МЧЖ раҳбари Ҳилола Обидовалар иштирок этишди.
Тадбиркорлар ёшлар билан ўз тажрибаларини ўртоқлашиб, бизнесни бошлашдаги дастлабки қадамлар, бозор талабини ўрганиш, молиявий ҳисоб-китобларни тўғри йўлга қўйиш ва фаолият давомида учрайдиган қийинчиликлар ҳақида сўз юритишди.
Очиқ мулоқот давомида ёшларнинг тадбиркорлик, бизнес ва стартап лойиҳаларига оид саволларига жавоб берилди. Истиқболли ғояларни амалга ошириш, молиявий ресурслардан фойдаланиш ва ҳамкорлик ўрнатиш бўйича тавсиялар айтилди.
Кўргазма доирасида ижтимоий йўналишдаги ташаббусларга ҳам эътибор қаратилди. Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Марказий банк, «Ўзмиллийбанк» АЖ ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Сирдарё вилояти бошқармаси ҳамкорлигида инклюзив аукцион ташкил этилди.
Унда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги имконияти чекланган болалар таълим муассасалари ўқувчилари, «Нурли маскан» мактаб-интернати ҳамда «Аёллар ғамхўрлик маркази» тарбияланувчилари томонидан тайёрланган санъат асарлари ва қўл меҳнати намуналари савдога қўйилди.
Аукцион «Келажак тадбиркори – 2026» касблар кўргазмаси доирасида қизғин ва кўтаринки руҳда ўтди.
Очиқ мулоқот якунида «Ўзмиллийбанк» АЖнинг «Келажакка қадам» маркази томонидан банк мижози бўлган фаол тадбиркорлар, шунингдек, тадбиркорлик қилиш истагидаги ва стартап лойиҳаларига эга ёшлар тақдирланди.
Умуман, «Келажак тадбиркори – 2026» касблар кўргазмаси ёшлар ва иш изловчилар учун мавжуд имкониятларни бир жойда кўриш, иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилиш, касбий йўналишини белгилаш, тадбиркорликни бошлаш учун молиявий манбалар ҳақида маълумот олиш ва бизнес ғояларини амалиётга татбиқ этиш бўйича маслаҳатлар олиш имконини берди. Кўргазмада тақдим этилган 3 минг 900 дан ортиқ бўш иш ўрни ва 25 га яқин иш изловчига берилган йўлланма эса тадбирнинг амалий натижаларидан бири бўлди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА