Иш берувчи талабалар ҳузурида
Жиззах политехника институтида таълим билан ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий алоқани мустаҳкамлаш, ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва саноат корхоналари учун салоҳиятли кадрларни танлашга қаратилган амалий учрашув бўлиб ўтди.
Унда “SINOMA Wind Power Blade Central Asia” МЧЖ ХК вакиллари, институт раҳбарияти масъул ходимлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
Учрашувда корхона вакиллари талабаларни қизиқтираётган муҳим масалаларга ойдинлик киритди. Жумладан, мавжуд бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш талаблари, меҳнат фаолиятини бошлаш шартлари ва ёш мутахассислар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
[gallery-31491]
Мулоқотнинг амалий аҳамияти шундаки, талаба-ёшлар иш берувчи билан бевосита мулоқот қилиш, ўз билим ва кўникмаларини намоён этиш имкониятига эга бўлди. Учрашув якунида номзодлар билан суҳбат ўтказилиб, уларнинг касбий салоҳияти ва мавжуд билимлари кўриб чиқилди.
Энг муҳими, суҳбат натижасида 10 нафар талаба-ёшни иш билан таъминлаш бўйича келишувга эришилди. Бу эса таълим жараёнида эгалланган назарий билимларни амалиёт билан боғлаш, ёшларнинг меҳнат бозорига кириб бориши учун зарур тажриба тўплаши ва ўз мутахассислиги бўйича фаолият бошлашига хизмат қилади.
Бугун таълим муассасаси билан иш берувчи ўртасидаги бундай очиқ мулоқотлар ёшлар учун шунчаки учрашув эмас, балки келгуси касбий фаолият сари муҳим қадамдир. Зеро, малакали кадр тайёрлашнинг самараси унинг замонавий ишлаб чиқариш талабларига қанчалик мос келиши билан ҳам белгиланади.
Мазкур ҳамкорлик талаба-ёшлар бандлигини таъминлаш билан бир қаторда, саноат корхоналарини зарур билим ва кўникмаларга эга мутахассислар билан таъминлашга ҳам замин яратади.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари