Амалий ўқ отиш машғулотлари ўтказилди
Хоразм вилоят божхона бошқармаси ходимларининг жанговар тайёргарлик даражасини ошириш, амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда турли вазиятларда тезкор ва аниқ ҳаракат қилиш қобилиятини ривожлантириш мақсадида амалий ўқ отиш машғулотлари ташкил этилди.
Машғулотлар Шимолий-ғарбий ҳарбий округининг “Янгиариқ” умумқўшин полигонида ташкил этилди.

Машғулотлар давомида ходимларга ўқотар қуролларнинг тузилиши, улардан хавфсиз фойдаланиш қоидалари ҳамда қурол билан муомала қилиш тартиби юзасидан назарий тушунчалар берилди.

Шундан сўнг ходимлар “9 мм ПМ Макаров” тўппончаси ҳамда “5,45 мм АКС-74У Калашников” автомати билан ишлаш бўйича амалий машғулотларда иштирок этдилар.

Амалий ўқ отиш жараёнида ходимларнинг қурол билан ишлаш кўникмалари, хавфсизлик талабларига риоя қилиши, шунингдек, белгиланган топшириқларни аниқ ва масъулият билан бажариши синовдан ўтказилди.

Бундай амалий машғулотлар божхона ходимларининг хизматга тайёргарлигини янада ошириш, юзага келиши мумкин бўлган вазиятларда тўғри ва тезкор ҳаракат қилиш кўникмаларини шакллантириш ҳамда хизмат интизомини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири