Ўзбекистон-Корея: 5 миллион долларлик рақамли трансформация лойиҳасига старт берилди
Бугун Тошкент шаҳрида “Ўзбекистонда омонатчиларни ҳимоя қилиш ва молиявий барқарорлик учун рақамли трансформация” лойиҳасига старт беришга бағишланган расмий маросим бўлиб ўтди.
Унда Омонатларни кафолатлаш агентлиги (ОКА), Марказий банк, Корея депозитларни суғурталаш корпорацияси (KDIC), KITC компанияси, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA), Корея Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси мутасаддилари ҳамда бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Маросимда Омонатларни кафолатлаш агентлиги бош директори Улуғбек Ҳамдамов, Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг (KOICA) мамлакатимиздаги ваколатхонаси директори Ким Мён Жин хоним ва ҳамкор ташкилотлар мутасаддилари сўзга чиқиб, ташаббуснинг мақсадлари, молиявий барқарорликни таъминлашдаги аҳамияти ҳамда амалга ошириш истиқболларига тўхталди.
Таъкидланганидек, 2026 йил ноябрь ойидан 2029 йил декабрь ойигача мўлжалланган дастурнинг умумий бюджети 5 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Дастур доирасида ОКАнинг асосий иш жараёнларини автоматлаштиришга хизмат қилувчи бошқарув-ахборот тизими (MIS) ишлаб чиқилади ва жорий этилади. Мазкур платформа омонатлар тўғрисидаги маълумотларни тезкор қайта ишлаш, кафолатланган ҳодиса юз берган тақдирда компенсация тўловларини тайёрлаш ва кўп сонли омонатчилар билан боғлиқ операцияларни самарали ташкил этиш имконини беради.
Хусусан, “Ягона мижоз кўриниши” (SCV) тамойили асосида омонатчилар ҳақидаги маълумотларни жамлаш, текшириш ва қайта ишлаш, банклардан ахборотларни ягона стандартлар асосида қабул қилиш, кафолат бадалларини ҳисоблаш ва назорат этишни автоматлаштириш кўзда тутилган. Шунингдек, онлайн хизматларни ривожлантириш, мурожаатларни кўриб чиқиш ҳамда Марказий банк ва молия тизимининг бошқа иштирокчилари билан маълумот алмашиш механизмларини такомиллаштириш режалаштирилган.
Омонатларни кафолатлаш агентлиги Ахборот тизимлари ва киберхавфсизлик департаменти катта эксперти, лойиҳа масъули Қудрат Ғуломовнинг сўзларига кўра, ҳозирда Корея депозитларни суғурталаш корпорацияси билан ҳамкорликда 16 та функционал модулдан иборат MIS тизими ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳанинг дастлабки босқичида бизнес жараёнларини ўрганиш ишлари якунланган, 2026 йил сентябрь ойида эса KOICA гранти учун тақдим этилган ариза маъқулланиб, 5 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ жалб қилинган.

Тадбирда айтиб ўтилгани каби лойиҳанинг муҳим вазифаларидан бири кафолатланган ҳодиса юз берганидан сўнг омонатчиларга компенсация тўловларини етти иш куни ичида амалга ошириш имконини яратишдан иборат. Бунинг учун маълумотлар сифатини ошириш, тўлов жараёнларини рақамлаштириш ва ходимларнинг операцион тайёргарлигини мустаҳкамлашга қаратилган амалий машғулотлар ўтказиш режалаштирилган.
Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг (KOICA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Ким Мён Жин хонимнинг қайд этишича, мазкур ташаббус аввалги ҳамкорлик натижаларининг мантиқий давоми бўлиб, икки мамлакат ўртасидаги шериклик алоқаларини янада мустаҳкамлайди.
–KOICA ва ҳамкор ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорлик натижасида Q-DEEP лойиҳасининг муваффақиятли якунлангани ҳамда келгуси тўрт йил давомида 5 миллион АҚШ доллари бюджетга эга янги лойиҳанинг бошланаётгани биз учун катта мамнуният бағишлайди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда омонатчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, Омонатларни кафолатлаш агентлигининг рақамли инфратузилмасини ривожлантириш ва кафолатланган ҳодиса юз берган тақдирда компенсация тўловларини тезкор амалга ошириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади, – деди Ким Мён Жин хоним.

Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА