Инновацион ғоя ва янги технологик ечимлар
Тошкент шаҳридаги Inha университетида жорий йил 21–22 ноябрь кунлари молиявий технологиялар соҳасидаги инновацион ғоялар ва янги технологик ечимларни қўллаб-қувватлашга қаратилган FinTech Hackathon 2026 хакатони бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир молия ва ахборот технологиялари соҳасига қизиқувчи иқтидорли талабалар, ёш дастурчилар, дизайнерлар ҳамда технологик стартаплар яратишга интилувчи ёш мутахассисларни бир майдонда жамлади. Хакатоннинг асосий мақсади замонавий молиявий технологиялар соҳасида инновацион ечимларни ишлаб чиқиш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш ва истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлашдан иборат бўлди.


Икки кун давомида иштирокчи жамоалар молиявий технологиялар соҳасидаги мавжуд муаммоларга замонавий ва самарали ечимлар таклиф этиш устида иш олиб бордилар. Улар ўз ғояларини амалий лойиҳаларга айлантириш, дастурий маҳсулотлар яратиш ва инновацион ишланмаларни такомиллаштириш имкониятига эга бўлдилар.


Хакатон жараёнида иштирокчилар тажрибали менторлардан маслаҳатлар олиб, ўз лойиҳаларини ривожлантириш бўйича қимматли тавсиялар ва фикр-мулоҳазалар билан танишдилар. Шунингдек, жамоалар ўз ишланмаларини экспертлар ҳайъати олдида тақдим этиб, лойиҳаларининг амалий аҳамияти, инновацион ёндашуви ва ривожланиш салоҳиятини намойиш этдилар.

Тадбир якунига кўра, энг яхши лойиҳалар муаллифлари аниқланди. Умумий қиймати 50 миллион сўмни ташкил этган соврин жамғармаси доирасида ғолиб жамоалар тақдирланди. Биринчи ўринни — Centrum, иккинчи ўринни — Tesseract, учинчи ўринни — Dominify жамоалари қўлга киритди.
Таъкидлаш жоизки, FinTech Hackathon 2026 хакатони Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Тошкент шаҳридаги Inha университети, Ўзбекистон Миллий банки ҳамда United Ventures ҳамкорлигида ташкил этилди.
Мазкур хакатон ёшларнинг билим ва амалий кўникмаларини синовдан ўтказиш, янги ғоялар устида ишлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва соҳанинг етакчи мутахассислари билан мулоқот қилишлари учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилди.
Шунингдек, 2026 йил 1 июндаги ПҚ-210 сонли Президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан “Келажак тадбиркори” дастури “Талаба инвест” кредит маҳсулоти доирасида икки нафар тадбиркор бизнес лойиҳаларига 4 миллиард сўм имтиёзли ресурс ажратилиши натижада университетнинг 6 нафар битирувчи талабасининг бандлиги таъминланди.
Тадбир мамлакатимизда финтех экотизимини ривожлантириш, рақамли молиявий хизматлар соҳасига янги инновацион ғояларни жалб этиш ҳамда иқтидорли ёшларнинг истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш йўлидаги муҳим ташаббуслардан бири бўлди.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати
Носиржон Ҳайдаров суратлари