Ўзбекистон делегацияси Хитойдаги йирик саноат мажмуасида бўлди
Хитойга амалий ташриф давомида энергетика вазири Шерзод Хўжаев бошчилигидаги делегация "Shanghai Electric" компаниясининг ишлаб чиқариш салоҳияти билан танишди.
Делегация ташриф буюрган Линган саноат майдони атом электр станциялари учун муҳим бўлган мураккаб ускуналарни тайёрлашга ихтисослашган. Бу ерда ядровий реактор корпусларидан тортиб турбина ороллари учун мўлжалланган йирик қурилмаларгача бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Корхона фаолияти билан танишиш жараёнида атом энергетикасида қўлланиладиган ускуналарни тайёрлаш технологиялари, ишлаб чиқариш жараёнларининг ўзига хос жиҳатлари ва саноат имкониятлари кўриб чиқилди.
Айниқса, юқори аниқликдаги технологик жараёнлар, маҳсулотларнинг белгиланган сифат талабларига мувофиқлигини назорат қилиш ҳамда хавфсизлик стандартларига риоя этиш амалиёти делегация эътиборида бўлди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, мазкур ташриф атом энергетикаси соҳасида илғор технологияларни ўрганиш, ишлаб чиқариш салоҳиятини баҳолаш ҳамда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги истиқболли ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олишда муҳим қадам.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА