Бразилия мобил интернет тезлиги бўйича Американи ортда қолдирди
АҚШнинг “Ookla” компанияси томонидан тузилган “Speedtest Global Index” рейтингига кўра, Бирлашган Араб Амирликлари мобил интернет тезлиги бўйича жаҳонда етакчи бўлди. Мамлакатда маълумотларни юклаб олишнинг медиан тезлиги 681,1 Мбит/с. ни ташкил этади.
2026 йилнинг 9 ойлик таҳлиллари асосида шакллантирилган рейтингда иккинчи ўринни 526,4 Мбит/с. натижа билан Қатар, учинчи ўринни эса 410,8 Мбит/с. кўрсаткич билан Қувайт эгаллади. Шу тариқа, жаҳон рейтингидаги дастлабки учта ўрин Форс кўрфази мамлакатларига насиб этди.
Кучли ўнталикдан Германия, Бразилия, Жанубий Корея, Баҳрайн, Вьетнам, Саудия Арабистони ва Болгария ҳам жой олди.
Рейтингнинг эътиборга молик жиҳатларидан бири — Бразилиянинг юқори натижаси бўлди. Мамлакат 274,4 Мбит/с. тезлик билан бешинчи ўринни эгаллаб, Жанубий Корея ва АҚШ каби технологик жиҳатдан ривожланган давлатлардан юқори кўрсаткич қайд этди. Бу муваффақият, мамлакатда асосан 5G тармоқларининг кенг жорий этилиши билан изоҳланади.
Дунёнинг бошқа йирик иқтисодиётлари ҳам рейтингда турлича натижа кўрсатди. АҚШ 190,6 Мбит/с. билан 11-ўриндан жой олган бўлса, Хитой, Франция, Австралия, Япония мобил интернет тезлиги кўрсатгичи билан кучли ўнталикни якунлаган.
Умуман олганда, мобил интернет тезлиги мамлакатларда 5G тармоқларининг ривожланиши, телекоммуникация инфратузилмаси, частота ресурсларидан самарали фойдаланиш ва бозордаги рақобатга бевосита боғлиқ. Бу омиллар юқори тезликдаги интернет қамровини кенгайтириш ва уни аҳоли учун янада қулай қилишда муҳим ўрин тутади.
Зуҳра МИРЗАБОЕВА, ЎзА