Ўзбекистон киноижодкорлари «Қўрқут ота» VI Туркий дунё кинофестивалида бир қатор муваффақиятга эришди
Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган «Қўрқут ота» VI Туркий дунё кинофестивалининг ёпилиш ва тақдирлаш маросимида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари — Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов раҳбарлигида 20 нафардан ортиқ киноижодкорлар қатнашган фестиваль ўзбекистонлик ижодкорлар учун ҳам муваффақиятли якунланди.

Фестиваль доирасида ўзбек киноижодкорлари бир нечта нуфузли номинациялар бўйича совринли ўринларни қўлга киритди.

Жумладан, «Энг яхши қисқа метражли фильм» номинациясида режиссёрлар Дилшодбек Усмонов ва Сухроб Қодиров томонидан суратга олинган «Қуёш боласи Юсуф» фильми 3-ўринга муносиб кўрилди. «Энг яхши ҳужжатли фильм» номинациясида режиссёр Мўминжон Турсуновнинг «Ҳаётга ташналик» ҳужжатли фильми 2-ўринни эгаллади. «Энг яхши эркак роли» номинациясида Ўзбекистон халқ артисти Матёқуб Матчонов режиссёр Сарвар Каримовнинг «Фарз» фильмидаги ижроси учун фестиваль ғолиби деб топилди.

Айниқса, таниқли актёр Матёқуб Матчоновнинг мазкур номинацияда ғолиб бўлиши миллий актёрлик мактабининг халқаро миқёсдаги эътирофи сифатида аҳамиятли.

Ушбу натижалар ўзбек кино санъати вакилларининг халқаро кино майдонидаги иштироки, ижодий салоҳияти ҳамда миллий кинематографиямизнинг нуфузи тобора ортиб бораётганидан далолат беради.

Н.Усмонова,
ЎзА