Худойбергановлар оиласи — танлов ғолиби
Оилада китобга меҳр уйғотиш, фарзандларни мутолаага ошно этиш ва китобхонликни кундалик ҳаёт тарзига айлантириш — маънавий баркамол авлод тарбиясининг муҳим омилларидан бири. Гулистон шаҳридаги Бўстон маҳалласида жойлашган 2-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган «Ёш китобхон оила» танловининг шаҳар босқичи ҳам ана шу эзгу мақсадларга қаратилди.
Китобхонлик маданиятини оила муҳитида кенг тарғиб қилиш, ота-она ва фарзандлар ўртасида мутолаа анъаналарини мустаҳкамлаш, ёшларнинг билим ва дунёқарашини бойитиш мақсадида ташкил этилган беллашувда Гулистон шаҳридаги 75 та оила иштирок этди.

Танлов давомида оилалар китоб мутолаасига бўлган қизиқиши, бадиий асарлар ҳақидаги билими, фикрлаш ва ўз қарашларини ифода этиш қобилиятини намоён этдилар. Унда ота-она ва фарзандларнинг биргаликда иштирок этиши, китоб атрофидаги фикр алмашинуви ҳамда ўзаро билим синови танловга алоҳида мазмун бағишлади.

Мазкур беллашув нафақат оилаларнинг китобхонлик салоҳиятини намоён этиш, балки мутолаани оилавий қадрият даражасига кўтариш, фарзандларда китобга меҳр ва мустақил фикрлаш кўникмасини шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Якуний натижаларга кўра, Худойбергановлар оиласи юқори натижа қайд этиб, танловнинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди. Энди улар шаҳар шарафини вилоят босқичида ҳимоя қилишади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири