Бир асар мутолааси ортидан чет давлатларга саёҳат йўлланмасини олган ёшлар
Китоб инсонни бутун дунё билан юзлаштирувчи буюк куч саналади. Бугунги шиддатли ахборот асрида ёшларни мутолаага жалб этиш, уларнинг дунёқарашини кенгайтириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Бу миллат келажаги дахлдор юмушдир.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида бўлиб ўтган тадбир ҳам ана шу эзгу мақсаднинг ўзига хос бир ифодаси бўлди.
Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Лазиз Раҳматовнинг “Дунё мамлакатлари” энциклопедик китоби асосида ташкил этилган видеороликлар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими чинакам маърифат байрамига айланди. Ушбу лойиҳа давлатимиз раҳбари ташаббуси билан шу йилнинг баҳорида старт берилган Миллий китобхонлик ҳаракатининг ёрқин амалий ифодаси сифатида турли ёшдаги китобхонларни бир ғоя атрофида жипслаштира олди.
Танловга юборилган кўплаб ижодий ишлар ёшларнинг дунё мамлакатлари ҳаёти, тарихи ва маданиятини қанчалик теран англаётганини кўрсатиб берди. Саралаб олинган энг яхши видеороликларда иштирокчилар нафақат китобдаги маълумотларга таянган, балки ахборот технологиялари ва сунъий интеллект имкониятларидан ҳам маҳорат билан фойдаланган. Бу эса бугунги китобхон ёшларимизнинг замонавий кўникмаларни қай даражада пухта эгаллаганидан далолатдир.
– Лойиҳамизнинг бу галги босқичида кутилмаган ва қувонарли ҳолатларга гувоҳ бўлдик, – дейди асар муаллифи Лазиз Раҳматов. – Оилавий иштирокчиларимизнинг кўплиги юртимизда китобхонлик муҳити бевосита хонадонлардан бошланаётганини кўрсатади. Айрим қатнашчиларимиз Афғонистон, Вьетнам, Озарбайжон, Туркия, Малайзия каби давлатларга сафарлари чоғида айнан мазкур китобдан кенг фойдаланиб, ўша диёрларнинг ўзидан туриб видеороликлар тайёрлаб юборгани лойиҳамиз сарҳадларини янада кенгайтирди.
Танловда кутубхоначилар, тил ва адабиёт ҳамда журналистика йўналиши олийгоҳлари талабалари алоҳида фаоллик кўрсатди. Хусусан, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси, Озод Шарофиддинов номидаги стипендия соҳибаси Фарангиз Абруева ҳам ўз ижодий иши орқали юқори натижа қайд этди.
– Мазкур лойиҳа орқали жаҳон мамлакатларининг тарихи, бошқарув шакли ва маданиятини ўргандим. Ўзбекистоннинг турли давлатлар билан ҳамкорлигига оид билимларимни ҳам бойитдим, – дейди Фарангиз Абруева. – Меҳнатим юқори баҳоланиб, Грузияга сайёҳлик йўлланмасини қўлга киритганимдан беҳад хурсандман. Энг муҳими, ёш ижодкорларга ўз имкониятларимизни янада кенгроқ намоён этиш учун кучли шижоат берилди.
Энг сара креатив ишлар муаллифлари бўлган тўрт нафар иштирокчи Малайзия, Хитой, Грузия ва Озарбайжон давлатларига саёҳат қилиш йўлланмасини қўлга киритди.
[gallery-32402]
Шунингдек, ўнлаб иштирокчилар ўзларининг шахсий кутубхонасини юзлаб янги асарлар билан бойитиш имконига эга бўлган бўлса, яна бир гуруҳ китобхонлар республикамизнинг етакчи маънавий-маърифий журналларига бир йиллик бепул обуна билан тақдирланди. Танловни ҳамда умуман китобхонлик маданиятини тарғиб қилишда фаоллик кўрсатган оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам эътибордан четда қолмади.
Совринларни элимиз суйган таниқли шоир ва ёзувчилар топширгани эса тадбирнинг маънавий руҳини янада оширди.
Қувонарлиси, шу кунларда “Дунё мамлакатлари” китобининг тўлдирилган янги нашри чоп этилди. Демак, тез орада билим ва тафаккурни синовдан ўтказадиган мазкур мега-танловнинг навбатдаги мавсумига старт берилади.
Мунира Рамазонова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА