Ўзбекистон – истеъдодлар диёри
Юртимизнинг ҳар бир ҳудуди истеъдодларга бой. Бу, айниқса, адабиёт соҳасида янада яққолроқ кўзга ташланади. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Жиззах адиблари” номли муҳташам тўпламнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот тадбирида Ўзбекистон “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раисининг ўринбосари, таниқли журналист ва публицист Шароф Убайдуллаев, маънавият тарғиботчиси, таниқли шоира Гулчеҳра Шаҳобиддин, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси ижодкор ва психолог Маҳмуд Йўлдошев миллий адабиётимизда, журналистикамизда жиззахлик ижодкорларнинг ҳам муносиб улуши бор эканини эътироф этди.

Мазкур тўплам Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳомийлигида ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан чоп этилган кўп жилдли йирик адабий-антологик китоблар мажмуасидир. Ушбу лойиҳа Жиззах воҳасидан етишиб чиққан тарихий ва замонавий ижодкорларнинг ҳаёти, фаолияти ҳамда асарлари намуналарини бир тизимга солиш мақсадида яратилган.
Тўплам бир нечта йўналиш ва даврларни қамраб олган жилдлардан иборат. I ва II жилдлар наср йўналишига бағишланган бўлиб, уларда Жиззах адабий муҳитига мансуб бўлган таниқли ёзувчиларнинг насрий асарлари, ҳикоя ва қиссаларидан намуналар ҳамда уларнинг биографияси жой олган.
“Жиззах адиблари” китобининг биринчи ва иккинчи жилди наср йўналишида ижод қилган жиззахлик адиблар Шароф Рашидов, Назир Сафаров, Сарвар Азимов, Оқилжон Ҳусанов, Мамадали Маҳмудов каби забардаст ижодкорлар ижодига бағишланади. Улар яратган сара асарлар бугун ўзбек адабиётининг дурдоналари сифатида ўқиб ўрганилаётир.

Бугунги кунда ҳам миллий адабиётимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётган жиззахлик ёзувчи ва шоирларимиз хоҳ пойтахтда яшамасин, хоҳ вилоятда Янги Ўзбекистонни барпо этишда маънавиятимизнинг байроқдорлари бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, Нурали Қобул, Эргаш Муҳаммад, Абдулла Аҳмад, Абулқосим Мамарасулов, Икром Искандар, Зулфия Қуролбой қизи, Асрор Мўмин, Абдулла Қўшбоқ, Баҳодир Қобул, Абдураҳмон Каримов, Абдурасул Муродов, Меҳри Каримова, Венера Ибрагимова, Туроб Юсуф, Сайёра Тўйчиева, Исоқ Исмоил, Меҳрибон Абдураҳмонова, Муҳиддин Абдусамад, Абдусаттор Содиқов, Абдухалил Сатторов, Гулчеҳра Шаҳобиддин, Шаҳло Аҳророва, Шоди Отамурод ва Зуҳра Мамадалиева каби қаламкашлар ижоди кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда. Жиззах вилоятида яшаб ўтган бир қатор адиблар – ёзувчи ва драматург Туроб Мақсуд, публицист ва таржимон Мели Норматов шоира ва таржимон Шарофат Ботирова ижоди ҳам Жиззах адабий муҳитида салмоқли ўрин тутади.
Учинчи жилд назм йўналишида. Ушбу жилд ХХ асрда яшаб ўтган ва бугунги кунда ижод қилаётган 111 нафар жиззахлик шоирларнинг ҳаёти, архив маълумотлари ва шеърий асарларини ўз ичига олади.

Ҳамид Олимжон, Зулфияхоним каби миллий шеъриятимизнинг йирик намояндалари билан бирга Эргаш Муҳаммад, Абдулла Аҳмад, Икром Искандар, Асрор Мўмин, Меҳри Каримова, Туроб Юсуф, Сайёра Тўйчиева ва Исоқ Исмоил каби ижодкорларнинг батафсил биографияси ҳамда сара шеърлари жамланган.
Тадбирда мазкур тўплам ҳақида батафсил сўз юритилди. Устоз ижодкорлар янги шеърларидан намуналарни ўқиб берди.
Н.Усмонова, ЎзА