Ўзбекистон ипакчилигининг жаҳон бозоридаги мавқеи ошмоқда
Мамлакатимиз ипакчилик саноати жаҳон бозоридаги ўз мавқеини мустаҳкамлашда давом этмоқда. Тошкентда "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси раҳбарияти ҳамда Хитой Халқ Республикаси делегацияси ўртасида бўлиб ўтган расмий учрашув ушбу йўналишдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Р.Абдуллаев, бошқарув раисининг биринчи ўринбосари М.Сагатов ва хитойлик тадбиркорлар ўртасида бўлиб ўтган музокаралар давомида хитойлик тадбиркорлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган юқори сифатли ипак ипи ва ипак момиғини харид қилишга катта қизиқиш билдирди.

Мулоқот давомида Хитой вакиллари ипак ипи ва ипак момиғини харид қилиш истагини маълум қилди. Учрашувда томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, маҳсулот етказиб бериш имкониятлари ва савдо алоқаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, бу келишув икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш билан бирга, маҳаллий ипак маҳсулотларининг экспорт географиясини кенгайтиришга хизмат қилади.
Г.Бобоева,
ЎзА