Ўзбекистон футболчилари қитъанинг нуфузли мукофотига даъвогар
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг уч нафар футболчиси 2026 йил якунлари бўйича Осиёнинг энг яхши футболчиси — «Asian Golden Player» мукофоти учун номзодлар рўйхатидан жой олди.
Шунингдек, умумий ҳисобда 30 нафар футболчи киритилган мазкур рўйхатда яна бир эътиборли жиҳат бор: Тошкентнинг «Пахтакор» клуби ҳужумчиси ҳам соврин учун курашади.
Хитойнинг «Titan Sports» нашри эълон қилган номзодлар орасида «Манчестер Сити» ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов, «Истанбул Башакшеҳир» футболчилари Аббосбек Файзуллаев ва Элдор Шомуродов бор. «Пахтакор» сафида тўп сураётган ироқлик ҳужумчи Айман Ҳусайн эса ўз мамлакати вакили сифатида рўйхатга киритилган.
Номзодлар таркибидан қитъанинг етакчи футболчилари ҳам ўрин олган. Жумладан, «Лос-Анжелес» ҳужумчиси Сон Хён Мин, «Атлетико Мадрид» ярим ҳимоячиси Ли Кан Ин, «Бавария» ҳимоячиси Ким Мин Жэ ва Эрон терма жамоаси ҳужумчиси Меҳди Тареми шулар жумласидан.
Мамлакатлар кесимида Япония олти нафар футболчи билан етакчилик қилмоқда. Жанубий Корея ва Австралиядан тўрт нафардан, Ўзбекистон, Саудия Арабистони ва Эрондан уч нафардан футболчи номзодлар рўйхатига киритилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилги тақдирлаш маросимида Сон Хён Мин 146 очко билан биринчи ўринни эгаллаган эди. Бу орқали футболчи мазкур совринга ўнинчи бор сазовор бўлди. Ли Кан Ин 105 очко билан иккинчи, «Ал-Наср» сафида тўп сурган Криштиану Роналду эса 91 очко билан учинчи ўринни банд этган.
«Asian Golden Player» мукофоти 2013 йилда «Titan Sports» нашри томонидан таъсис этилган. 2026 йилги тақдирлаш жараёни Халқаро спорт журналистлари ассоциацияси (AIPS) ва унинг Осиё бўлими билан ҳамкорликда ўтказилмоқда. Ғолиб футболчиларнинг майдондаги натижалари ва жамоасига қўшган ҳиссасини баҳолаш асосида аниқланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, «Asian Golden Player» мукофоти Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) томонидан бериладиган расмий «Осиёнинг энг яхши футболчиси» совринидан фарқ қилади.
Ҳозирга қадар ўзбекистонлик футболчилар «Asian Golden Player» мукофотини қўлга киритмаган. Бу йил уч нафар вакилимизнинг номзодлар қаторига киритилгани эса миллий футболимиз учун эътиборга молик воқеадир.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА