U-17 жаҳон чемпионати: 11 жамоа кейинги босқичда
Қатар мезбонлик қилаётган футбол бўйича U-17 жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичининг иккинчи тур учрашувлари якунланди. Мусобақанинг ушбу босқичида йирик ҳисоблар, кутилмаган натижалар ва кескин рақобатга бой баҳслар кузатилди.
Жумладан, мундиалнинг «А» гуруҳида Греция ўсмирлар терма жамоаси Панама устидан 2:1 ҳисобида зафар қучган бўлса, Миср 2:0 ҳисобида мезбон Қатарни доғда қолдирди. Натижада Греция 6 очко билан гуруҳ пешқадамига айланди. Миср ва Қатар 3 тадан очко билан иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган бўлса, Панама очкосиз сўнгги поғонада қолди.
Энди 3-турда Қатар ва Греция, Миср ҳамда Панама ўсмирлар терма жамоалари ўзаро рақобатлашади.
«В» гуруҳида Жанубий Корея терма жамоаси 6:0 ҳисобида Янги Каледония термасини енгди ва очколарини 6 тага етказиб олган бўлса, рақиблари иккинчи мағлубият эвазига очкосиз қолди. Эквадор ва Уганда терма жамоалари ўртасидаги учрашув эса 0:0 ҳисобида якунланди. Ушбу учрашувдан сўнг Эквадор 4, Уганда 1 очко билан кучли учликни якунлади.

Дарвоқе, гуруҳ босқичининг сўнгги турида Жанубий Корея — Эквадор, Уганда — Янги Каледония термалари баҳсига гувоҳ бўламиз.
«С» гуруҳида Австралия ва Дания терма жамоалари ўртасидаги баҳсда ҳисоб очилмади. Аргентина 2:1 ҳисобида Мозамбикни мағлуб этди. Учрашувлар натижасига кўра, Австралия очколарини 4 тага етказиб олган ҳолда гуруҳ етакчисига айланди. Мозамбик ва Аргентина 3 тадан очко жамғарган бўлса, Дания ҳисобида эса 1 очко мавжуд.
Гуруҳдаги 3-тур беллашувларида Дания — Аргентина, Мозамбик — Австралия терма жамоалари ўзаро куч синашади.
«D» гуруҳидан ўрин олган Уругвай ва Гаити терма жамоалари ўртасидаги учрашувда 4:1 ҳисоби қайд этилган бўлса, Саудия Арабистони кутилмаганда Франция термасини 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу натижалардан сўнг Уругвай 6 очко билан гуруҳда биринчи ўринни эгаллаб турибди. Франция ва Саудия Арабистони ҳисобида 3 тадан очко мавжуд бўлди. Гаити ҳамон очко жамғармади.

Гуруҳ босқичининг навбатдаги турида Уругвай ва Франция, Гаити ҳамда Саудия Арабистони термалари рақобатлашади.
Маълумот учун, Жаҳон чемпионатининг юқоридаги тўртта гуруҳидаги 3-тур учрашувлари бугун, 25 ноябрь куни бўлиб ўтади.
Мундиалнинг ўзбек мухлислари эътиборида бўлган «Е» гуруҳида Ўзбекистон U17 терма жамоаси иккинчи турда Ямайка термаси устидан 6:2 ҳисобида ишончли ғалаба қозонди. Учрашувнинг дастлабки қисмида рақиб икки марта ҳисобда олдинга чиқиб олган бўлса-да, футболчиларимиз вазиятни ўзгартиришга эришди.
Гуруҳнинг иккинчи учрашувида Италия Кот-д’Ивуарни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Натижада Италия 6 очко билан биринчи ўринда бормоқда. Кот-д’Ивуар ва Ўзбекистон 3 очкодан жамғарган. Тўплар нисбатига кўра, африкаликлар иккинчи, терма жамоамиз учинчи ўринда. Ямайка эса очкосиз тўртинчи поғонада.
Энди футболчиларимиз учун ҳал қилувчи синов — Италияга қарши баҳс. 26 ноябрь куни бўлиб ўтадиган ушбу учрашувдаги ғалаба терма жамоамизга кейинги босқич йўлланмаси учун муҳим имконият яратади. Шу куни Ямайка ва Кот-д’Ивуар ҳам ўзаро куч синашади.

«F» гуруҳида навбатдаги тур ўйинларида йирик ҳисоб қайд этилди. Аниқроғи, Хорватия 4:0 ҳисобида Тожикистонни, Сенегал эса Кубани 9:0 ҳисобида мағлуб этди. Икки турдан кейин Сенегал ва Хорватия 4 очкодан жамғарган. Сенегал тўплар нисбатига кўра биринчи, Хорватия иккинчи ўринда. Тожикистон 3 очко билан учинчи, Куба эса очкосиз тўртинчи поғонада.
Эртага учинчи турда Тожикистон — Сенегал, Хорватия — Куба учрашувлари ўтказилади.
«G» гуруҳида Мали Бельгияни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Вьетнам ва Янги Зеландия ўртасидаги баҳс эса 3:3 ҳисобида якунланди. Натижада Мали 6 очко билан биринчи ўринни эгаллади. Бельгия 3 очко билан иккинчи, Вьетнам ва Янги Зеландия бир очкодан жамғарган ҳолда учинчи ва тўртинчи ўринларда бормоқда.
26 ноябрь санасида бўлиб ўтадиган учинчи турда Янги Зеландия — Бельгия, Вьетнам — Мали учрашувлари бўлиб ўтади.
«H» гуруҳидан ўрин олган Испания ва Фижи терма жамоалари ўртасидаги ўйин мусобақанинг энг кўр гол урилган баҳсларидан бири бўлди. Испаниялик ўсмирлар рақиб дарвозасига жавобсиз 15 та гол киритди. Марокаш ва Хитой терма жамоалари эса 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Икки турдан сўнг Испания 6 очко жамғариб, гуруҳ пешқадамлигини эгаллади. Марокаш 4 очко билан иккинчи, Хитой 1 очко тўплаб учинчи ўринда бормоқда. Фижи эса ҳозирча очко ололмаган.
Гуруҳ босқичининг сўнгги турида Марокаш — Испания, Хитой — Фижи учрашувлари ўтказилади.

«I» гуруҳи: Бразилия пешқадамликни мустаҳкамлади
Ирландия Коста-Рика устидан 2:0, Бразилия эса Танзанияга қарши баҳсда 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу натижалардан кейин бразилияликлар 6 очко билан гуруҳда якка пешқадамга айланди. Ирландия 3 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. Танзания ва Коста-Рика ҳисобида эса бир очкодан бор.
«J» гуруҳи: Доминикан Республикаси пешқадамлик қилмоқда
Иккинчи турда Доминикан Республикаси Чилини, Жазоир эса Черногорияни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Айниқса, Доминикан Республикасининг ғалабаси жамоага гуруҳдаги етакчиликни сақлаб қолиш имконини берди.
Айни пайтда Доминикан Республикаси 4 очко билан биринчи ўринда. Чили ва Жазоир 3 очкодан жамғарган. Тўплар нисбати устунлиги Чилини иккинчи, Жазоирни учинчи поғонага олиб чиқди. Черногория эса 1 очко билан тўртинчи ўринда.
«K» гуруҳи: Мексика ва Венесуэла муддатидан аввал кейинги босқичда
Мексика Камерунни йирик — 4:0, Венесуэла эса Руминияни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Шу тариқа, ҳар икки жамоа ҳам иккинчи турдан кейин 6 очкодан жамғариб, кейинги босқич йўлланмасини муддатидан аввал таъминлади.
Тўплар нисбати бўйича Мексика гуруҳда биринчи, Венесуэла иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Руминия ва Камерун эса ҳали очко жамғара олмади.
«L» гуруҳи: Колумбия ва Сербияда кетма-кет икки ғалаба
Колумбия Гондурасни 2:0, Сербия эса Японияни 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, гуруҳдаги иккинчи ғалабасини нишонлади. Натижада ҳар икки терма жамоа 6 очкодан жамғариб, муддатидан аввал кейинги босқичга йўлланма олди.
Тўплар нисбати Колумбияни биринчи, Сербияни иккинчи ўринга жойлаштирди. Япония ва Гондурас эса икки турдан кейин очкосиз қолмоқда.
27 ноябрь ноябрь куни сўнгги тўртта гуруҳнинг 3-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Унда қуйидаги баҳсларга гувоҳ бўламиз:
«I» гуруҳи: Ирландия — Танзания, Коста-Рика — Бразилия.
«J» гуруҳи: Жазоир — Доминикан Республикаси, Черногория — Чили.
«K» гуруҳи: Венесуэла — Мексика, Руминия — Камерун.
«L» гуруҳи: Гондурас — Япония, Колумбия — Сербия.

Маълмуот учун, иккинчи тур натижаларига кўра, Греция, Жанубий Корея, Уругвай, Италия, Мали, Испания, Мексика, Венесуэла, Колумбия ва Сербия терма жамоалари 6 очкодан жамғарган ҳолда муддатидан аввал кейинги босқичга йўл олди.
Мусобақанинг учинчи турида гуруҳлардаги ўринлар, шунингдек, кейинги босқичга чиқадиган энг яхши учинчи ўрин соҳиблари аниқланади. Қоидаларга кўра, 12 гуруҳ ғолиби ва иккинчи ўрин эгалари, шунингдек, учинчи ўринни олган жамоалар орасидан энг яхши саккизтаси 1/16 финалга йўл олади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА