Жаҳон шахмат тожи учун курашнинг илк турида муроса йўли танланди
Экспертларнинг фикрича, жаҳон тожи баҳсларида ким вақтни назорат қила олса, ўша натижадорликка эришади.
Швейцариянинг Женева шаҳридаги БМТ Миллатлар саройида 2026 йилги шахмат тожи ва унвони учун ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров ҳамда амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу ўртасидаги тарихий мусобақанинг 1-тури ўта ҳаяжонли кечди.
Жавоҳир Синдоров оқ доналарда ўтказган 1-тур баҳсида амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш асосан ҳимоя ҳолатида ҳаракат қилган бўлса-да, мураккаб вазиятлардан чиқиб кетиш имконини топа олди.

Аниқ вазиятларга келадиган бўлсак, ўйинни баҳолаб борган компьютер қурилмалари иккала шахматчининг дона суриш ҳолатини 99 фоиз бехато эканини кўрсатди. Бу, мусобақанинг дастлабки босқичидаёқ иккала шахматчи чуқур тайёргарликка эга эканликларини амалда кўрсатди.
Тажрибали экспертларнинг фикри ва ҳисоб-китобига кўра, жаҳон тожи баҳсларида ким вақтни назорат қила олса, ўша натижадорликка эришади.

Бу жиҳатдан, Жавоҳир Синдоров 1-турда унумли ҳаракатларни амалга оширган бўлса, айрим вазиятларда Гукеш жуда чуқур ҳисоб-китобга шўнғиди ва орадаги вақт тафовутини 45 дақиқагача етказди.
Жаҳон шахмат тожи учун шиддатли ва ўзига хос руҳий босим остида кечган дастлабки турдаги қарама-қаршиликда 20 ёшли гроссмейстерларнинг биринчи баҳси дуранг билан якунланди.

Шу ўринда ҳар икки шахматчининг олдинги ўйинларидаги натижаларига эътибор қаратсак. Жавоҳир Синдоров ва Гукеш Доммаражу классик, рапид ва блиц форматларидаги расмий мусобақаларда 6-марта рўбарў келган.
Ушбу қарама-қаршилик мусобақаларида Синдоров 4-марта ғалабага эришган бўлса, Гукеш 1 марта ютуққа эришган. Улар ўртасидаги 1 та ўйинда муроса йўли танланган.
Статистик рақамларга кўра, вақт назоратлари кесимида классик шахмат — 2,5:0,5 Синдоров фойдасига, рапид — 0:1 Гукеш фойдасига, блиц — 2:0 кўринишида Синдоров фойдасига ҳал бўлган. Умумий ҳисоб — 4,5:1,5.
Бугун, 25 ноябрь куни мукофот жамғармаси 2 500 000 АҚШ долларидан иборат Жаҳон чемпионлиги ва шахмат тожи учун ўтказилаётган мусобақанинг 2-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Унда Жавоҳир Синдоров қора, Гукеш оқ доналарда ҳаракатланади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА