Ўзбекистон боғчаларида тарбияланаётган болалар сони 2,5 миллиондан ошди
Мамлакатимиздаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болалар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.
2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, мамлакатимиздаги боғчаларда тарбияланаётган болалар сони 2 миллион 533,3 минг нафарга етган. Бу бир йил аввалги кўрсаткичдан 183,3 минг нафарга кўп.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига асосан, болалар сони 2024 йил якунига нисбатан 7,8 фоизга ошган. Бу ўсиш мактабгача таълим тизими олдидаги вазифалар кўлами кенгайиб бораётганини ҳам кўрсатади.
Ҳудудлар кесимида Фарғона вилояти биринчи ўринда. Бу ерда мактабгача таълим ташкилотларида 308,5 минг нафар бола тарбияланмоқда. Кейинги ўринларни Самарқанд вилояти — 288,9 минг нафар, Андижон вилояти — 263,8 минг нафар ва Наманган вилояти — 225,4 минг нафар билан эгаллаган.
Қашқадарё вилоятида 218,6 минг нафар, Сурхондарё вилоятида 195,9 минг нафар бола боғчага боради. Тошкент вилоятида бу кўрсаткич 183 минг нафарни, пойтахтда эса 180,4 минг нафарни ташкил этади.
Энг кам кўрсаткич Сирдарё вилоятида қайд этилган — 68,9 минг нафар. Навоий вилоятида 79,3 минг нафар бола мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланмоқда.
Боғчага қатнаётган болалар сонининг ортиши таълим муассасаларига бўлган эҳтиёжни ҳам оширади. Бу жараёнда нафақат янги боғчалар ташкил этиш, балки мавжуд муассасаларнинг қуввати, тарбиячилар билан таъминланганлик даражаси, таълим сифати ва болалар учун яратилган шароитлар ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Айниқса, болалар сони юқори бўлган ҳудудларда мактабгача таълим хизматларини кенгайтириш, олис маҳаллалардаги қамровни ошириш ва ота-оналар учун қулай шароит яратиш долзарб вазифалардан ҳисобланади.
Зеро, боғчага бораётган болалар сонининг кўпайиши муҳим кўрсаткич. Аммо тизим самарадорлиги болаларнинг нечтаси муассасага қатнаётгани билан бирга, улар қандай таълим-тарбия олаётгани билан ҳам белгиланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА