Мустақилликнинг 35 йили: инсон қадри ва миллий юксалиш сари йўл
Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги нафақат босиб ўтилган тарихий йўлни сарҳисоб қилиш, балки мамлакатимизнинг келгуси тараққиёт истиқболларини белгилаш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида эришилган натижалар билан бир қаторда, келгуси ўн йиллик учун устувор вазифалар ҳам белгилаб берилди.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилди. Миллий қадриятларни тиклаш, халқнинг тарихий хотирасини асраш, иқтисодий имкониятларни кенгайтириш ва инсон манфаатларини давлат сиёсатининг марказига қўйиш тараққиётнинг муҳим йўналишларига айланди.
Инсон қадри — ислоҳотларнинг бош мезони
“Инсон қадри учун!” тамойили мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мазмунини ифодалайди. Унинг моҳияти фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб турмуш шароитини яратиш ҳамда ҳар бир инсоннинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун имкониятларни кенгайтиришдан иборат.
Президентимиз нутқида келтирилган маълумотларга кўра, камбағаллик даражаси 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизгача пасайган. Шунингдек, 650 мингдан зиёд оила замонавий уй-жойга эга бўлган, 10 миллион инсоннинг турмуш шароити яхшиланган. Бу кўрсаткичлар аҳоли фаровонлигини ошириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг муҳим натижаларидир.
Иқтисодий тараққиёт ҳам инсон манфаатлари билан узвий боғлиқ. Нутқда хорижий инвестициялар ҳажми йилига 40–50 миллиард долларга етгани таъкидланди. Келгусида иқтисодиётни юқори технологиялар ва меҳнат унумдорлигига асосланган моделга ўтказиш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Таълим ва илм-фан — келажак пойдевори
Мамлакат тараққиётининг муҳим шарти — билимли, малакали ва замонавий фикрлайдиган авлодни тарбиялашдир. Президент нутқида мактабгача таълим қамрови 78 фоизга етгани, мактабларда 1,5 миллион қўшимча ўқувчи ўрни яратилгани, олий таълимда таҳсил олаётган талабалар сони эса 1 миллион 600 минг нафарга етгани қайд этилган.
Келгуси даврда таълим сифатини ошириш, ёшларни замонавий касбларга йўналтириш, илм-фан ва сунъий интеллект соҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, камида 10 та олий таълим муассасасини дунёнинг ТОП–1000 рейтингига киритиш мақсади белгиланган.
Бу вазифалар, айниқса, олий таълим муассасалари зиммасига катта масъулият юклайди. Чунки бугунги талаба — эртанги кун мутахассиси, педагоги, олими ва мамлакат тараққиётига ҳисса қўшадиган етакчи кучдир.
Келгуси ўн йиллик — миллий юксалиш даври
Президент нутқида келгуси ўн йиллик учун еттита миллий дастур белгиланди. Улар билим ва малакани ривожлантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни юқори технологияларга асосланган моделга ўтказиш, сув ва табиатни асраш, суд мустақиллигини кучайтириш, маҳалланинг жамият тараққиётидаги ролини ошириш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини юксалтиришни қамраб олади.
Хусусан, иқтисодий ривожланиш доирасида келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш ва саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратиш мақсадлари белгиланган.
Экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида экин майдонларида сув тежовчи технологиялар қамровини 100 фоизга етказиш, туман ва шаҳар марказларида яшиллик кўламини 30 фоизга ошириш режалаштирилган. Қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва маҳаллалар эҳтиёжларини давлат сиёсатида инобатга олиш ҳам муҳим вазифалар сирасига киради.
Ташқи сиёсат йўналишида эса Ўзбекистоннинг тинчликсевар ва бағрикенг давлат сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва иқтисодий дипломатияни ривожлантириш кўзда тутилган. Мамлакатимизнинг қарийб 170 та давлат билан дипломатик муносабатлар ўрнатгани, юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ҳамда 16 та диний конфессия аъзолари аҳил яшаётгани тинчлик ва тотувликнинг муҳим кўрсаткичидир.
Янги марралар сари
Мустақилликнинг 35 йиллиги мамлакатимиз эришган натижаларни эътироф этиш билан бирга, олдимизда турган вазифаларни ҳам чуқур англашга ундайди. Белгиланган мақсадларга эришиш таълим, илм-фан, иқтисодиёт, экология ва ижтимоий соҳалардаги изчил фаолиятни, шунингдек, давлат ва жамиятнинг ҳамжиҳатлигини талаб этади.
Энг муҳими, барча ислоҳотларнинг натижаси инсон ҳаётидаги ижобий ўзгаришларда намоён бўлиши керак. Сифатли таълим, муносиб иш ўринлари, саломатликни асраш, қонун устуворлиги ва фаровон маҳаллалар миллий юксалишнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Шундай экан, келгуси ўн йилликнинг муваффақияти бугун қўйилаётган мақсадларни амалий натижаларга айлантириш, ёшларнинг билим ва салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда ҳар бир фуқаронинг тараққиётга дахлдорлигини кучайтиришга боғлиқ. Инсон қадри улуғланган, билим ва меҳнат қадрланган жамиятгина барқарор ривожланиш ва юксак марралар сари дадил одимлайди.
Яшнар Абдуллаев,
Термиз давлат педагогика институти
Жисмоний маданият кафедраси мудири