Отадан 105,7 миллион сўм ундирилди
Алимент тўлаш нафақат қонуний мажбурият, балки ҳар бир ота-онанинг фарзанди олдидаги юксак инсоний ва ахлоқий бурчидир.
Гап шундаки, бундан 11 йил олдин фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг буйруғига асосан қарздор Ғ.С.дан ундирувчи С.С. фойдасига бир нафар фарзанди учун алимент ундириш белгиланган.
Бироқ ота бу мажбуриятни бажаришни пайсалга солиб келган.
Бюронинг Урганч туман бўлими давлат ижрочиси томонидан қарздорга алимент тўловларига бефарқлик билан қараш, вояга етмаган фарзандни таъминотсиз қолдириш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилишга сабаб бўлиши ҳақида бир неча маротаба тушунтирилган.
Олиб борилган тарғибот тадбирлари ва тушунтиришлар самара бериб, қарздордан шу кунгача тўланмасдан келинган 105,7 млн. сўм алимент пуллари ундирувчига ундириб берилиши таъминланди.
– Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан алимент тўловлари бўйича қарздорларнинг масъулиятини ошириш борасида тарғибот тадбирлари ва тушунтириш ишлари доимий равишда амалга оширилмоқда. Бу эса ўз самарасини бермоқда, – дейди давлат ижрочиси Д.Атамуратова.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА