"Ўзэнергоинспекция": 9 ойда 825,3 миллиард сўмлик зарар аниқланди
Бугун Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида "Ўзэнергоинспекция" ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоев иштирокида брифинг ўтказилди.
Унда энергетика тизимида қонунчилик талабларига риоя этилиши, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига қарши курашиш ҳамда истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Унда таъкидланганидек, жорий йилнинг 9 ойи давомида ўтказилган назорат тадбирлари натижасида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ва қоидабузарлик билан боғлиқ 2 минг 795 та ҳолат аниқланди.
Хусусан, 129,1 миллион куб метр табиий газдан ноқонуний фойдаланиш натижасида 390,2 миллиард сўмлик, 226,4 миллион киловатт-соат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш оқибатида эса 435,1 миллиард сўмлик зарар етказилгани маълум бўлди. Давлат манфаатларига етказилган жами зарар 825,3 миллиард сўмни ташкил этди.
Шунингдек, истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари юзасидан 4 минг 196 та маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Нефть маҳсулотлари сифатини назорат қилиш бўйича ўтказилган тадбирлар давомида автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва корхоналардан олинган намуналар таҳлил қилинди. Натижада 308 та ҳолатда жами 7 минг 435,6 тонна нефть маҳсулотининг сифат талабларига жавоб бермаслиги аниқланиб, уларнинг сотувга чиқарилиши олди олинди.
Жорий йилда "Ўзэнергоинспекция" томонидан 9 минг 168 та объектнинг электр таъминоти лойиҳалари экспертизадан ўтказилиб, тегишли хулосалар тақдим этилди. Бундан ташқари, 5 минг 674 та истеъмолчининг электр қурилмалари техник кўрикдан ўтказилиб, тегишли далолатномалар расмийлаштирилди.
Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектларининг электр энергияси ва табиий газ учун тўловлари ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Хусусан, жорий йилда 199 та тадбиркорлик субъектига электр энергияси учун ортиқча ҳисобланган 3 миллиард 632 миллион сўм ҳамда табиий газ учун ортиқча ҳисобланган 12 миллиард 84 миллион сўм қайта ҳисоб-китоб қилинди. Натижада тадбиркорлик субъектлари манфаатларини тиклаш мақсадида жами 15 миллиард 716 миллион сўмлик қайта ҳисоб-китоб амалга оширилди.
Давлат энергетика реестрига мувофиқ, жорий йилда 371 та корхонада энергия аудитини ўтказиш белгиланган. Йил давомида келиб тушган мурожаатлар таҳлили асосида фаолияти қисқарган ёки тугатилган 58 та корхона аниқланди.
Ҳозирги кунга қадар 294 та истеъмолчида энергия аудити ишлари бошланиб, уларнинг 180 тасида аудит тўлиқ якунланди. Шунингдек, мажбурий энергия аудитини ўтказмаган 16 та корхона масъулларига нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилди.
Брифинг якунида "Ўзэнергоинспекция" томонидан энергия ресурсларидан оқилона ва қонуний фойдаланишни таъминлаш, қоидабузарликларнинг олдини олиш ҳамда истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган назорат тадбирлари давом эттирилиши таъкидланди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА