Ўзбекистон БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш индексида 32-ўринни эгаллади
“Ўзбекистон — 2030” стратегиясида мамлакатни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси (UN EGDI) бўйича дунёнинг энг илғор 30 та давлати қаторига олиб чиқиш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.
Ушбу мақсад доирасида Электрон ҳукумат тизимини такомиллаштириш, телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ва рақамли давлат хизматларини кенгайтириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон БМТнинг 2026 йилги Электрон ҳукуматни ривожлантириш тадқиқоти бўйича 194 та давлат орасида 32-ўринни эгаллади. Шунингдек, мамлакат илк бор энг юқори кўрсаткичга эга давлатлар қаторига — “Very High EGDI” гуруҳига кирди.
Эътиборлиси, Ўзбекистон 2020 йилга нисбатан 55 поғонага, 2024 йилдаги ўриндан 31 поғонага юқорилаб, халқаро рейтингда 32-ўринни эгаллади.
Мамлакатнинг умумий Электрон ҳукуматни ривожлантириш индекси ( EGDI) 0,8930 ни ташкил этди. 2024 йилда эса бу кўрсаткич 0,7999 га тенг бўлган эди. Тадқиқотда Ўзбекистоннинг онлайн давлат хизматлари (OSI) 0,8885, телекоммуникация инфратузилмаси (TII) 0,9213 ҳамда инсон капитали (HCI) 0,8692 балл билан баҳоланди.
Шунингдек, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштироки (PE) кўрсаткичи 0,8276 ни ташкил этди.
Ҳисоботда Ўзбекистоннинг рақамли трансформация борасидаги тажрибаси, жумладан, сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари ҳам ижобий мисол сифатида қайд этилган. Хусусан, Сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш марказининг пилот лойиҳалари, давлат ва хусусий секторда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, илмий ҳамкорлик ва соҳадаги танловлар эътироф этилди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА