Ўзбек тили дунё бўйлаб бўй чўзмоқда
Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. (Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 4-модда).
Абдулла Авлонийнинг “Ҳар бир миллатнинг миллат эканлигини кўрсатадурғон ойинаи жаҳони унинг тили ва адабиётидир. Тилни йўқотмак – миллатни йўқотмак демакдир”, деганлари буюк ҳақиқат.
Дарҳақиқат, тил миллатнинг рамзи. Тили бор миллат миллатлигини, тили бор давлат давлатлигини сақлаб қолади. Буни ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Таниқли файласуфлардан бири Людвиг Витгенштейн “Тилимнинг чегаралари – дунёмнинг чегараларидир” деган сўзларининг маъноси ҳам шунда.
ЮНЕСКОнинг 2025 йилдаги маълумотига кўра, дунёда 8324 та оғзаки ва имо-ишора тили ҳужжатлаштирилган бўлиб, уларнинг тахминан 7000 таси ҳозир ҳам қўлланади. Аммо, Ethnologue халқаро тилшунослик маълумотлар базасининг эълон қилинган кўрсаткичларида 3193 та тил йўқолиб кетиш хавфи остида деб баҳоланган. Демак, ҳазрат Алишер Навоий таъбири билан айтганда тил ҳам, эл ҳам эътиборни талаб қилади.

Бизнинг Она тилимиз ҳам йиллар давомида турли вазиятларни бошдан кечирди. Унга нисбатан кўплаб суиқасдлар содир этилди. Айниқса, тилимиз сал кам бир ярим асрлик истибдод ичида қаттиқ тўсиқларга, сиқувларга дучор бўлди. Халқимиз устида ўзга тил ҳукмронлик қилди. Мустабид тузум вакили М.Скобелевнинг айнан бизнинг тилимизга нисбатан “Миллатни йўқ қилиш учун уни қириш шарт эмас, унинг маданиятини, санъатини, тилини йўқ қилсанг бас, тез орада ўзи таназзулга учрайди”, деган сўзлари тарихда қолди. Ҳа, кўп минг йиллик масофани босиб, узоқ-узоқдан шаклланиб, ривож топиб келган, халқимизнинг маънавияти, маърифати, маданияти ва қадриятлари билан бевосита боғлиқ бўлган миллий тилимиз ўша кезларда ҳукмрон марказнинг тазйиқида оғир кечинмаларни бошидан ўтказди.
Айниқса, 80 йилларда ўзбек тили жуда қаттиқ қувғун қилинганлиги, ҳатто, катта-кичик мажлислар ҳам “марказ” тилида олиб борилганлиги кўпчиликка аён. У даврларда мамлакатимиз Конституцияси ва қонунлари амалда Иттифоқ Конституцияси ва қонунларини такрорлаши шарт эди. Ана шундай чегара 1989 йилнинг октябрь ойида бузиб ўтилди. Ўзбекистон ССР Олий Советининг ўн биринчи сессиясида собиқ тузумнинг қонун ижодкорлиги соҳасидаги тўсиқлар тадрижий йўл билан ағдарилди. Ўзбекистон ССР Конституциясига ўзгартиш киритилиб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди ва мамлакатимизнинг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинди.
Ўшандан буён, халқимизнинг муқаддас қадриятларидан бири бўлмиш она тилимиз ўзининг қонуний мақоми ва ҳимоясига эга бўлди. Бу ҳаракат халқимизнинг юксак маънавиятини, миллий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш, бетакрор жозибали она тилимизни ривожлантириш ва келгуси авлодларга етказиб бериш борасида қўйилган ва мустақилликка йўл бошлаган улкан қадам эди.
Йиллар ўтди. Қонунлар такомиллашди. Ўзбек тили дунё саҳнасига кўтарилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан баралла янгради. Йил сайин ўсиб, ривожланиб, қучоқ ёзиб бормоқда.
Мана бу йил ўзбек тилига расмий давлат тили мақоми берилганлигининг 37 йиллиги кенг нишонланмоқда. Албатта, бу тарих учун унча катта муддат эмас, аммо ўтган давр мобайнида миллий тилимизнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ мавқеини ошириш, софлигини сақлаш, йўқолиб кетган сўзларни қайта тиклаш, бу борадаги қонунчилигимизнинг маъно-мазмунини ёш авлод онгига сингдириш йўлида улкан ишлар амалга оширилди.
Мамлакатимизда ўзбек тили эркин қўлланилмайдиган бирорта соҳа йўқ. Миллий тилимиз ўзининг кенг имкониятларини барча соҳалар сингари энг мураккаб илм-фан, ахборот-коммуникация технологиялари, молия-банк тизими ва бошқа жараёнларда ҳам тўлиқ намоён қилмоқда. Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир”.
Шу нуқтаи назардан, мактабгача таълим ва мактабларда болаларнинг она тилини пухта ўзлаштиришини таъминлаш; ўзбек тилида сифатли илмий, ҳуқуқий, бадиий ва оммабоп адабиётларни кўпайтириш; ўзбек тилининг интернет, сунъий интеллект ва электрон хизматлардаги имкониятларини кенгайтириш; мамлакатимизда яшовчи турли миллат вакилларининг она тилларини ўрганиш ва сақлаш ташаббусларини қўллаб-қувватлаш; кам сонли халқларнинг тилларини аудиоёзув, луғат, электрон архив ва таълим материаллари орқали сақлаб қолиш чоралари кўрилди.
Пировардида, тилимизнинг нуфузи нафақат ёшлар, катталар орасида ҳам, ҳатто чет мамлакатларда ҳам ошиб бормоқда. Унинг жозибаси хорижликларни ҳам ўзига мафтун қилмоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали чет эллик меҳмонларнинг ўзбек тилида сўзлаганларини эшитиб қоламиз. Бизнинг тилимизда бошқа миллат вакиллари, айниқса, хорижлик меҳмонлар сўзлашганини эшитганимизда қалбимиз ғурур ва ифтихор туйғулари билан тўлади.
Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан ўзбек тили жаҳонга юз тутмоқда. Бир неча хорижий мамлакатларда ўзбек тили ва маданияти марказлари очилмоқда. Жумладан, Қирғизистоннинг Ўш давлат университетида Алишер Навоий номидаги, Қозоғистоннинг Жумабек Ташенов номли университетида, Туркиянинг Улудоғ ва Орду университетларида, Япониянинг Токио чет тиллари университетида, Мисрдаги Қоҳира университетида Ўзбек тили ва маданияти марказлари очилган. Душанбе шаҳридаги Сотим Улуғзода номли Халқаро хорижий тиллар университетида Ўзбек тили ва маданияти марказини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик келишуви имзоланган. Шунингдек, Италиянинг Ка-Фоскари университетида “Ўзбекистон бурчаги” очилган. Буюк Британиянинг Оксфорд университетида ўзбек тили ва маданиятини ўрганишга қаратилган “Uzbek Studies Programme” дастури йўлга қўйилган.
Бундай эзгу ишларни Озарбайжон ва бошқа мамлакатлар мисолида ҳам келтириш мумкин. Расмий маълумотларга кўра, Корея, Хитой, АҚШ, Бразилия, Ҳиндистон, Япония, Германия, Франция фуқаролари учун ҳам “Ўзбек мактаби” курслари ташкил этилган. Шунингдек, “Ибрат фарзандлари” лойиҳасида хорижликлар учун ўзбек тилини ўрганиш имконияти яратилган.
Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистонда аввалдан ўзбек тилида дарс бериладиган мактабларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, Қирғизистонда Ўзбекистон томонидан Баткен вилоятининг Самарқандек қишлоғида 2022 йилда 330 ўринли замонавий мактаб қуриб битказилди ва жиҳозлаб берилди. Бундан ташқари, Ўш шаҳрида ҳам Алишер Навоий номидаги 630 ўринли катта мактаб Ўзбекистон маблағлари ҳисобидан бунёд этилган. Тожикистонда Хатлон вилоятининг Қубодиён туманида Ўзбекистон томонидан 640 ўринли замон талабларига мос мактаб қуриб фойдаланишга топширилган. Туркияда очилган Ўзбекистон таълим дастурлари асосида ўқитиладиган 600 ўринли умумтаълим мактаби, Озорбойжонда Қорабоғ ҳудудидаги Фузулий шаҳридаги Мирзо Улуғбек номидаги 1-сонли умумтаълим мактаби ҳам шундай ҳаракатлар жумласидандир.
Бугунги кунда мамлакатимизда таълим олаётган минглаб хорижлик талабалар ҳам ўзбек тилини ўрганишга киришган. Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг “Ўзбек мактаби” лойиҳасида хорижликлар учун бошланғич, онлайн ва ихтисослаштирилган курслар таклиф этилган. Бу, албатта, Ватанимизнинг жаҳон ҳамжамияти орасидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.
Хуллас, биз Ватанимиз равнақини, келажагимизни ўзбек тилисиз тасаввур қилолмаймиз. Давлатимиз раҳбари сўзлари билан айтганда, “Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак!”
Шундай экан, ўзбек тилининг ривожини таъминлаш, аввало, ҳаммамизга, миллий ғуруримизга, ҳуқуқий маданиятимизга ҳамда она Ватанимизга бўлган муҳаббатимизга боғлиқ.
Зеро, Ўзбекистон учун тил масаласи миллий ўзлик, маънавий тараққиёт ва миллатлараро тотувлик билан узвий боғлиқ бўлиб, халқимиз учун Она тилини асраш – ўтмишга ҳурмат, бугунга масъулият ва келажак авлодлар олдидаги бурчдир.
Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши
раисининг ўринбосари.
ЎзА