Бугун: газеталарни варақлаганда...
“Янги Ўзбекистон” ”Янги Тошкент – Ўзимизники!” номли катта саҳифа билан бошланади. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 12 октябрь куни Янги Тошкентга ташрифи билан боғлиқ катта шарҳ билан танишасиз.
Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида Янги Тошкент бунёд этилаётгани ҳақидаги янгиликлар билан таниша туриб, давлатимиз раҳбарининг фахр билан: “Янги Тошкент – Ўзимизники!” деган сўзлари жисмингизга қанот бағишлагандек бўлади.
– Мазкур йирик лойиҳа кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. У йиллар давомида кун-тун тиним билмай қилинган изланишлар, мураккаб вазиятлардаги оқилона қарорлар ҳосиласи. Ташриф давомида давлатимиз раҳбари инвесторлар билан мулоқот қилди, уларнинг таклиф ва ташаббусларини тинглади. У ердаги самимий мулоқотни, илгари сурилган ташаббусларни тинглаган ҳар бир инсон юз-кўзида Янги Тошкент – Ўзимизники деган қатъий ишонч балқиди, деб ёзади муаллиф.
Шунингдек, газетада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқоти ҳақида ҳам хабар берилган.
“Табиатга муносабат – халқнинг маданияти, давлатнинг масъулияти ва тараққиётининг сифат кўрсаткичидир” (Тўртинчи миллий дастур шарҳи) ҳам мазмун-моҳияти билан диққатни тортади. Тўртинчи дастур – сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартириш. – Мактабда болага сувнинг қадрини ўргатиш, дарахт экиш билан бирга уни парвариш қилиш масъулиятини ҳам тушунтириш лозим, дея ёзади муаллиф. “Тарихий яқинлик ва муштарак мақсадлар”, “Малакали судья – мустақил суд ҳокимиятининг мустаҳкам таянчи”, “Навоийда туризм соҳаси: Улкан марралар кўзланмоқда”, “Янгиланишлар фаолият мезонига айланмоқда”, “Тил – милдлатнинг маънавий хазинаси” каби мақолаларда инсон ва жамият, ислоҳотлар жараёни акс этган.
“Халқ сўзи”да ҳам давлат раҳбарининг Янги Тошкентга ташрифи, инвестор ва тадбиркорлар билан учрашуви кенг ёритилган. Газета Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг инвестор ва тадбиркорларга қарата айтган “Ўз ғоянг! Ўз сармоянг! Ўз келажагинг! Янги Ўзбекистон, Янги Тошкент – Ўзимизники!” шиори – даъватига алоҳида урғу берган. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Янги Тошкент шаънига” шеъри ушбу беназир лойиҳа мазмун-моҳиятини бор-бўйи билан ўзида ифодалаганига ишонч ҳосил қиласиз:
Интилганга толе ёр деб шу донишманд халқ айтган,
Халқ айтганми, демак, буни Ҳақ таоло, Ҳақ айтган.
Интилмасак, тоғу қирдан, довонлардан ошолмаймиз,
Президент айтгандайин: “Биз эскича яшолмаймиз!..
Кўринг, дўстлар, вақт шиддати, сертаҳлика дунёни,
Беш йилда биз бунёд этдик Янги ЎЗбекистонни.
На бир нафас ростлагайдир, на бир ҳордиқ олгайдир,
Юрт эгасин шиддатидан вақт ҳам ортга қолгайдир.
Биз вақтни орзу-мақсад жилови-ла бойладик,
Она Ернинг юрагига ниятларни жойладик.
Шоирлари булбуллардан қолишмаган Бошкентим,
Париж, Лондон, Румоларга алишмаган Тошкентим...
Шеър давомини газетадан ўқийсиз.
Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродовнинг “Камбағаллик гирдоби” мақоласини, албатта, ўқинг. Муаллиф мушоҳадалари сизни бефарқ қолдирмайди. “Халқ дардига қулоқ тутиш – фаолият мезони”, “Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари устуворлиги – олий қадрият”, “Тарихий адолат: Қатағон қурбонлари оқланмоқда”, “Парижда янграган учинчи Ренессанс садоси”, ”Ўзбекистон – ҳеч ким эътибордан қолмайдиган диёр”, “Тил қадри – эл қадри, инсон қадри” каби мақолаларда инсон ва жамият, янги замон одамлари, юз бераётган ўзгаришлар, ислоҳотлар, инсон қадри ҳақида сўз боради.
“Ishonch”нинг бугунги сони Ўзбекистон Республикаси Президентининг Янги Тошкентга ташифига бағишланган “Янги Тошкент – Ўзимизники!” ёхуд Ўзлик акс этган бунёдкорлик эпопеяси” номли катта саҳифа билан бошланган.
– Йил охиригача Янги Тошкентда 20 минг хонадон фойдаланишга топширилиб, камида 70 минг киши учун янги яшаш муҳити яратилиши режалаштирилган. Президент уй-жойлар билан бир вақтда дам олиш, спорт, савдо, таълим ва тиббиёт хизматларини ҳам йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади, деб ёзади газета.
“Ўриндошликда иш ҳақи: муаммо ва ечим”, “Ёлғиз онанинг муаммоси ҳал бўлди”, “Асл тарбия нимада намоён бўлади?”, “Иқболи кулган Мирзо”, “Арбоб ортга чекинди, муаммолар-чи?” каби мақолаларда ўқувчи эътиборини тортадиган муҳим нуқта, жиҳатлар кўп. “Одамни ақл бошқарадими ёки ҳиссиёт?” номли мақолани, албатта, ўқинг. Тиббиёт фанлари доктори, Франциянинг Олий Психомотор реабилитация институти фахрий профессори, нейропсихолог Зарифбой Ибодуллаев билан бўлган суҳбат жуда қизиқ.
Бугунги газеталарни ўқинг.
А.Нарзуллоев,
ЎзА