"Тоза қўллар" дастури – соғлом келажак ва юқумли касалликларнинг олдини олишда муҳим ҳужжат
15 октябрь – Бутунжаҳон қўл ювиш куни
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 майдаги “Соғлиқни сақлаш ва таълим ташкилотларида ичимлик суви ҳамда санитария-гигиена инфратузилмасини кенгайтиришга қаратилган «Тоза қўллар» дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида соғлиқни сақлаш ва таълим ташкилотларида ичимлик суви ҳамда санитария-гигиена инфратузилмасини тубдан кенгайтиришга қаратилган «Тоза қўллар» дастурини амалга ошириш, шу жумладан барча мактаблар, боғчалар ва тиббиёт муассасаларини зарур санитария-гигиена воситалари билан узлуксиз таъминлаш, сув тармоқларини яхшилаш ҳамда халқаро «Уч юлдузли ёндашув» методикасини жорий этиш каби стратегик вазифалар белгилаб берилган эди.
Бугун, 15 октябрь – Бутунжаҳон қўл ювиш куни кенг нишонланаётган бир пайтда, мазкур Ҳукумат қарорининг мазмун-моҳияти ва унинг ижроси нақадар ҳаётий, долзарб ва узоқни кўзлаган давлат сиёсати экани яққол намоён бўлади. Чунки глобал миқёсда эътироф этилганидек, инсон саломатлиги ва миллат генофондини асрашнинг биринчи ва энг муҳим пойдевори оддийгина шахсий гигиена қоидаларига, хусусан, қўлни мунтазам совунлаб ювиш маданиятига бориб тақалади.
Ҳар йили бугунги сананинг Халқаро қўл ювиш куни сифатида кенг нишонланиши бежиз эмас. Ушбу глобал сана илк бор 2008 йилда Халқаро сув ҳафталиги доирасида Глобал қўл ювиш ҳамкорлиги (Global Handwashing Partnership) томонидан таъсис этилган бўлиб, унинг бош мақсади жамиятда, айниқса, ёш авлод онгида оддий сув ва совун билан қўл ювиш ҳаётий зарурат эканини сингдириш ҳамда юқумли касалликларнинг олдини олишда бунинг муҳим омил эканини кўрсатишдан иборат.
ЖССТ ва ЮНИСЕФ таҳлилларига кўра, ҳозир ҳам жаҳон аҳолисининг сезиларли қисми уй шароитида оддий гигиена воситалари ва тоза сув билан тўлиқ таъминланмаган. Ҳолбуки, илмий тадқиқотлар шуни исботлайдики, мунтазам равишда қўлни совунлаб ювиш ўткир респиратор ва вирусли инфекциялар хавфини сезиларли даражада камайтириб, ошқозон-ичак трактининг ўткир инфекциялари ҳамда диарея каби хавфли касалликларнинг олдини олишда 40 фоизгача самара кўрсатади.
Кўплаб глобал тиббий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, оддий сув ва совун ёрдамида қўлни ювиш инсониятни ўнлаб юқумли касалликлардан ҳимоя қилувчи энг арзон, самарали «вакцина» вазифасини бажаради. Илмий таҳлилларга кўра, агар аҳоли ўртасида, айниқса, таълим муассасаларида гигиена қоидаларига қатъий риоя этилиши йўлга қўйилса, ошқозон-ичак трактининг ўткир инфекциялари, гепатит А, диарея каби хавфли касалликларнинг тарқалиш кўрсаткичларини кескин камайтиришга эришиш мумкин.
Инсон қўллари кун давомида жуда кўп миқдордаги юқумли бактериялар, вируслар ва паразитларнинг асосий ташувчиси ҳисобланади. Айниқса, мактаб ва боғча ёшидаги болалар жамоасида болаларнинг ўз табиий фаоллиги ва мулоқот кўлами кенглиги сабабли инфекциялар тез тарқалади. Буни қарангки, ривожланаётган давлатларда мактаб ўқувчиларининг дарс қолдириши ёки ўқув жараёнидан орқада қолишининг катта қисми айнан етарли бўлмаган санитария шароитлари ва гигиена кўникмаларининг етишмаслиги туфайли келиб чиқадиган инфекцион касалликлар билан боғлиқ экан.
Тиббиёт мутахассислари ва халқаро экспертларнинг тавсияларига кўра, аҳоли онгида гигиена маданиятини мустаҳкам одатга айлантириш устувор аҳамият касб этади. Мазкур қарорга мувофиқ умумий ўрта таълим муассасаларида халқаро тажрибага асосланган «Уч юлдузли ёндашув» методикасининг жорий этилиши мактабларда соғлом турмуш тарзини босқичма-босқич ва сифатли юқори босқичга кўтариш имконини беради.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА