Тунги Насаф жозибаси
Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳрининг гавжум кўчаларидан бири — Насаф кўчаси кундузи ҳам, тунги пайтда ҳам ўзгача қиёфа касб этади. Айниқса, оқшом чоғи кўча бўйлаб ёқилган чироқлар, обод ҳудудлар ва замонавий безаклар шаҳарга алоҳида файз бағишлайди.
Кечки пайт Насаф кўчаси ёритиш чироқлари шуъласида янада кўркам қиёфа касб этади. Кўча бўйидаги ресторан, кафе ва қаҳвахоналарнинг гавжумлиги, сайрга чиққан шаҳарликлар ва меҳмонлар оқими Қаршининг тунги ҳаётига ўзгача жўшқинлик бағишлайди.
[gallery-31939]
ўча узра ўрнатилган ёйсимон ёритиш иншоотлари ҳамда манзарали безаклар ўзига хос меъморий уйғунликни намоён этади. Дарахтларга ўрнатилган ранг-баранг чироқлар эса атрофга янада кўркамлик бағишлаб, тунги шаҳар манзарасини бойитади. Осмонда чарақлаган ҳилол билан чироқлар шуъласи уйғунлашиб, Насаф кўчасига бетакрор тароват бағишлайди.
Бугун Насаф кўчаси нафақат шаҳарнинг муҳим ҳаракатланиш ва савдо масканларидан бири, балки аҳоли учун севимли сайилгоҳ ҳамдир. Бу ерда оилалар, ёшлар ва дўстлар даврасида кечки ҳордиқ чиқариш, сайр қилиш ва вақтни мазмунли ўтказиш учун барча қулайликлар мужассам.
Қаршининг тунги қиёфасини ўзида акс эттирган Насаф кўчаси шаҳарнинг замонавий қиёфаси, ободлик ва фаровонлик муҳитини намоён этувчи манзиллардан бирига айланмоқда.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат+видео), ЎзА