Озарбайжон, Туркия ва Грузия Истанбул декларациясини қабул қилди
Озарбайжон, Туркия ва Грузия Истанбулда бўлиб ўтган ташқи ишлар вазирларининг ўнинчи уч томонлама учрашувида стратегик шерикликка содиқликларини яна бир бор тасдиқладилар. Бу ҳақда Озарбайжон ТИВ тарқатган хабарда айтилган.
Томонлар қабул қилган Истанбул декларациясида уч мамлакат ташқи ишлар вазирлари бир-бирининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва чегаралари дахлсизлигини ўзаро қўллаб-қувватлашларини яна бир бор эътироф этиб, минтақавий хавфсизлик, иқтисодий ҳамкорлик ва транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар.
Шунингдек, Ўрта йўлакни ривожлантириш, Боку – Тбилиси – Карс темир йўлининг аҳамияти ва энергетика соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Боку – Тбилиси – Жейҳан нефть қувури ва Жанубий газ йўлагининг нафақат минтақа, балки Европа энергия хавфсизлигига ҳам қўшган ҳиссаси юқори баҳоланди.
Уч мамлакат вакиллари савдо, инвестиция, яшил қувват, терроризм ва трансмиллий жиноятчиликка қарши кураш соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёрликларини тасдиқладилар. Анжуман якунида кейинги шундай учрашувни 2027 йил Грузияда ўтказишга қарор қилинди.
С.Раҳимов, ЎзА