Франция ўрмонни қутқаришга киришди
Дунё бўйлаб табиатни муҳофаза қилиш масаласи тобора долзарблашаётган бир пайт Франция айни йўналишда яна бир дадил қадам ташлади. Мамлакат ҳукумати 157 000 гектардан зиёд ўрмон ҳудудини янги муҳофаза мақоми остига олди. Бу қарор нафақат дарахт, балки юзлаб ҳайвон ва ўсимлик тури учун яшаш муҳитини сақлаб қолишга қаратилган. Шу тариқа Франция 2030 йилгача камида 10 фоиз ҳудудини қатъий муҳофаза қилинадиган табиий маконга айлантиришдек мақсадга яқинлашди.
Энг катта ҳудуд Жанубий Америкада жойлашган Франция Гвианаси ҳиссасига тўғри келади. Бу ерда 156 000 гектардан ортиқ тропик ўрмон махсус қўриқланадиган ҳудудга айлантирилди. Мазкур минтақа дунё миқёсида муҳим ҳисобланган биология хилма-хиллиги марказларидан бири саналади. Мутахассислар бу ҳудуддаги экотизим инсон аралашувисиз сақланиши орқали кўплаб ноёб турлар келажаги таъминланишини таъкидламоқда.
Мамлакат ҳудудида ҳам қатор қадимий ва тоғли ўрмонлар ҳимояга олинди. Энди айрим жойларда дарахт кесиш ва хўжалик ишини юритиш бутунлай тақиқланади. Муайян ҳудудларда нодир ҳайвонлар ва ўсимликларни асраш мақсадида махсус бошқарув тизими жорий этилади. Бу қарор махсус муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар улушини 6,43 фоизга етказди.
Мазкур ташаббус жаҳон бўйлаб амалдаги умумий тенденциянинг бир қисмидир. БМТ доирасида қабул қилинган мақсадга кўра, 2030 йилгача Ер юзининг 30 фоиз қуруқлик ва денгиз ҳудуди муҳофаза остига олиниши лозим. Афсуски, барча давлатлар бир хил йўлдан бораётгани йўқ. Масалан, Бразилияда экология чекловини юмшатувчи қонун қабул қилинди, АҚШда ҳам айрим қўриқланадиган ҳудудлардан иқтисодий манфаат йўлида фойдаланиш бўйича баҳс кучайган. Шу аснода Франциянинг қарори табиатни сақлаш иқтисодий манфаатдан устун қўйилиши мумкинлигини кўрсатувчи муҳим қўнғироқ сифатида янгради.
Мусулмон Зиё, ЎзА