Ўз маҳоратларини синовдан ўтказишди
Сирдарё вилоятида ёшлар ўртасида пневматик қуролдан ўқ отиш бўйича мусобақа бўлиб ўтди.
Тадбир Мудофаа хизматига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва Мудофаа вазирлиги фахрийлар ишлари бўйича вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди.

Мусобақанинг асосий мақсади ёшларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш, ҳарбий-спорт тайёргарлигини ошириш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишдан иборат бўлди. Шу билан бирга, тадбир ёшларни жисмоний чиниқиш, диққатни тўплаш ва иродани мустаҳкамлашга йўналтирилди.

Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларидан келган ёшлар ўз маҳоратларини синаб кўрдилар. Иштирокчиларга қуролни тўғри ушлаш, нишонга аниқ отиш техникаси ва хавфсизлик қоидалари бўйича мутахассислар томонидан амалий кўрсатмалар берилди. Мусобақа давомида ёшлар диққат, тезкор қарор қабул қилиш ва жамоавий ишлаш кўникмаларини намоён этишди.
– Бу каби мусобақалар ёшлар учун нафақат спорт синови, балки руҳий тайёргарлик мактаби ҳамдир, – дейди Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Азизбек Раҳмонов. – Ҳар бир иштирокчи ўқ отиш жараёнида жавобгарлик, интизом ва иродани ҳис этади. Бу сифатлар кейинчалик уларнинг ҳаётдаги фаоллиги ва фидойилигида ўз аксини топади.

Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Уларга “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Фаол қатнашган ёшлар алоҳида рағбатлантирилди.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, пневматик қуролдан ўқ отиш мусобақалари ёшларнинг ҳарбий соҳани англаши, миллий армияга ҳурмат ва ишонч туйғусини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Келгусида бу каби тадбирларни ҳар ойда ўтказиш, мусобақа доирасини кенгайтириш ва қизлар иштирокини ҳам таъминлаш режалаштирилган.
Ғулом Примов, ЎзА