Болалар онкологиясида янги давр
Ҳар бир инсон ҳаётини, айниқса, кичик ёшдаги беморлар соғлиғини асраб қолиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши саналади. Бугунги кунда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, қабул қилинган муҳим стратегик ҳужжатлар жаҳон стандартларига тўла мос келадиган янги тиббиёт маконини барпо этишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.
Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилотининг глобал ҳисоботлари ва замонавий илмий тадқиқотларга назар ташлайдиган бўлсак, дунё миқёсида ҳар йили юз минглаб болаларда саратон касаллиги аниқланаётганини кўрамиз. ЖССТ статистикасига кўра, ер юзида ҳар йили тахминан 400 мингга яқин нолдан ўн тўққиз ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларда турли онкологик касалликлар қайд этилади. Улар орасида энг кўп тарқалган турлари лейкемия ёки қон раки, бош мия ўсмалари, лимфомалар ва солид ўсмалар ҳисобланади.
Дунё миқёсида сўнгги ўн йилликларда болалар онкологияси соҳасида муҳим ютуқларга эришилди. Бироқ ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар ўртасидаги кўрсаткичларда ҳамон тафовут катта: агар юқори даромадли давлатларда тиббиёт ва фаннинг интеграциялашуви туфайли кичик ёшли беморларнинг саксон фоиздан тўқсон фоизгача қисми муваффақиятли даволаниб, соғайиб кетаётган бўлса, даромади паст ёки ўрта бўлган айрим минтақаларда бу кўрсаткич атиги йигирма ёки ўттиз фоизни ташкил этади. Бу эса глобал миқёсда илғор тажрибалар ва замонавий даволаш протоколларини барча ҳудудларга кенг ёйиш ҳаётий зарурат эканини кўрсатади.
Мутахассисларнинг фикрича, ўтган асрнинг ўрталарида умумий омон қолиш кўрсаткичи жуда паст бўлганини инобатга олсак, бугунги илғор илмий ёндашувлар, замонавий химиотерапия, юқори технологияли нур терапияси ҳамда суяк кўмиги трансплантацияси каби мураккаб амалиётлар инсоният учун улкан ютуқдир.
Мамлакатимизда ҳам ана шундай глобал тафовутларни бартараф этиш, юксак марраларга эришиш ва соҳадаги илғор хорижий тажрибаларни миллий тиббиёт амалиётига кенг жорий этиш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, онкологик ва гематологик касалликларга чалинган болалар ва ўсмирларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича 2025-2035 йилларга мўлжалланган Миллий режанинг бешинчи стратегик йўналишида бу борадаги муҳим вазифалар қаторида халқаро илмий тадқиқотларни кенгайтириш ва етакчи хорижий муассасалар билан ҳамкорликни янада кучайтириш алоҳида белгилаб қўйилган.
Ҳужжатга мувофиқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, АҚШнинг дунёга машҳур St.Jude болалар тадқиқот шифохонаси, Вена тиббиёт университети ва бошқа етакчи халқаро муассасалар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш ва уни кенгайтириш кўзда тутилган.
АҚШнинг St. Jude болалар тадқиқот шифохонаси болалар саратони ва бошқа хавфли педиатрик касалликларни тадқиқ қилиш ҳамда даволашга ихтисослашган дунёдаги энг нуфузли марказлардан бири ҳисобланади. Европанинг энг қадимий ва илғор илмий олийгоҳларидан бири саналган Вена тиббиёт университети эса юқори технологияли лаборатория ташхислари, клиник синовлар ва замонавий фармакология бўйича улкан тажрибага эга.
Бу каби етакчи муассасалар билан йўлга қўйилаётган шериклик Ўзбекистон тиббиёти учун қатор муҳим имкониятларни очади. Жумладан, хорижий клиникаларнинг энг сўнгги даволаш стандартлари ҳамда клиник протоколлари маҳаллий амалиётга мослаштирган ҳолда татбиқ этилса, даволаш самарадорлиги кескин ортади.
Шу билан бирга, 2026 ва 2030 йилларда камида 200 нафар маҳаллий шифокор ва лаборатория диагностикаси мутахассислари замонавий тиббий ёндашувлар бўйича ўқитилиб, уларнинг хорижда стажировка ўташи ташкил этилса, соҳада кадрлар салоҳияти сезиларли даражада юксалади.
Замонавий молекуляр диагностика ҳамда илмий лабораториялар ривожлантирилиб, 2026 ва 2027 йилларда камида ўнта илмий тадқиқот ташаббуси ва иккита клиник синов йўлга қўйилади.
Болалардаги онкологик ва гематологик касалликларни чуқур ўрганиш учун биобанк ҳамда марказлаштирилган клиник регистр шакллантирилади. Бунда 2028 йилга бориб маълумотлар тўлиқлиги тўқсон беш фоизга етиши таъминланади. Шунингдек, ҳар йили стратегик бюджетнинг бешдан ўн фоизигача бўлган қисми илмий тадқиқотлар ва кадрлар салоҳиятини ривожлантиришга йўналтирилса, ёш олимларни қўллаб-қувватлаб, халқаро конференциялар ўтказиш тизими мустаҳкамланади.
Юқоридаги барча чора-тадбирлар Ўзбекистонда болалар онкологияси ва гематологияси хизматини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, касалликка қарши курашишда илмий асосланган, аниқ ва самарали натижаларни бериши шубҳасиз. Бу, ўз навбатида, юртимизда ҳар бир боланинг соғлом, бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш йўлидаги энг муҳим ва масъулиятли қадамлардан биридир.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА