“Келажакка қадам”: Фарғонада ёшлар ва иш берувчилар мулоқоти
Мамлакатимизда ёшларнинг интеллектуал ва касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар этиб тайёрлаш ҳамда бандилигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Олий таълим муассасалари битирувчиларининг замон талабларига мос равишда иш билан таъминланишида банк-молия муассасалари ва хусусий сектор ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда “Ўзмиллийбанк” АЖ “Келажакка қадам” маркази ташаббуси билан Фарғона давлат университетида 2026–2027 ўқув йили битирувчилари учун махсус “Workshop” ташкил этилди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — битирувчи ёшларнинг меҳнат бозорига интеграциялашувини жадаллаштириш, уларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш ҳамда университет ва иш берувчи корхона-ташкилотлар ўртасида манфаатли мулоқот платформасини яратишдан иборатдир.

Интерактив руҳда ўтган учрашувда “Ўзмиллийбанк” АЖ Фарғона вилояти Бош бошқармаси, “Келажакка қадам” маркази, Карьера ва бандлик маркази вакиллари, шунингдек, “Wegweiser” немис тили ўқув маркази ҳамда “Дилрабо Травел” туристик компанияси мутахассислари иштирок этди.

Тадбир давомида талабаларга замонавий меҳнат бозорининг бугунги талаблари, мавжуд бўш иш ўринлари ва ишга жойлашиш имкониятлари, шунингдек, касбий кўникмаларни мунтазам ошириб бориш ҳамда карьерани тўғри режалаштириш бўйича атрофлича маълумот берилди.

Айниқса, “Келажакка қадам” маркази мутахассислари томонидан тақдим этилган тақдимотлар талабаларда катта қизиқиш уйғотди. Унда ёшларга ўз бизнес лойиҳаларини йўлга қўйиш босқичлари, тадбиркорликнинг афзалликлари ва бу соҳада муваффақиятга эришишнинг муҳим омиллари амалий мисоллар орқали тушунтириб берилди.



Мулоқот савол-жавоб ва мунозаралар шаклида давом этиб, талаба-ёшлар соҳа мутахассисларидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олди. Бу каби тадбирлар ёшларнинг ўз куч ва билимига бўлган ишончини орттириш баробарида, уларнинг ўқишни тамомлагач, ўз мутахассислиги бўйича муносиб иш ўрнига эга бўлишлари ва жамиятда ўз ўринларини топишларида муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати