Депутатлар, сиёсий партиялар ва маҳалла ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
Термизда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси ва “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят Кенгаши ҳамкорлигида “Маҳаллий вакиллик органлари, сиёсий партиялар ва маҳалла институтлари ҳамкорлигини кучайтириш масалалари” мавзуига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Унда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари, сиёсий партиялар вакиллари, маҳаллалар фаоллари, Кенгаш котибиятлари масъуллари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” давлат дастури доирасида маҳаллий вакиллик органларининг масъулиятини ошириш, депутатларнинг сайловчилар билан ишлаш амалиётини фаоллаштириш, аҳоли мурожаатларини ўрганиб, жойлардаги ижтимоий масалаларни ҳал этишда сиёсий партиялар ва маҳалла институтлари билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама этилди.

Давра суҳбатида Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари З.Алимардонова, “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят Кенгаши раиси С. Абдуримов, халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгаши котибият мудири А.Саманов, халқ депутатлари Қумқўрғон тумани кенгаши депутати Р.Менгзиёева ва бошқалар мамлакатимизда депутатлар мақомини ошириш ва уларнинг мустақиллигини таъминлаш бўйича муҳим конституциявий ва қонунчилик ислоҳотлари амалга оширилганини қайд этди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатларни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга оид тартиблари такомиллаштирилиб, прокурор тақдимномасини кўриб чиқишнинг аниқ муддат ва босқичлари, давлат органлари раҳбарлари депутатлар сўровларига 10 кундан кечиктирмай расмий жавоб қайтариши шартлиги белгилангани таъкидланди.

Ислоҳотлар жараёнида депутатларнинг мустақил фаолият юритиши кафолатланиб, ҳоким ва Кенгаш раиси ваколатлари ажратилди. Жумладан, янгиланган Конституция ҳокимларнинг бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгаши раиси бўлиши амалиётига чек қўйди. Бу маҳаллий Кенгашлар ва депутатларнинг ижроия ҳокимияти (ҳокимликлар) устидан назорат функциясини кескин оширди. Амалдаги қонунчилигимизга кўра, депутатларнинг сайловчилар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиб, тизимли ишлаши кенгашлардаги халқ вакилларининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Депутатларнинг халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиб, аҳоли муаммоларини тинглаши ва уларга ечим топишга қаратилган жараёнда маҳаллий Кенгашлар фаолиятида очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаши, депутатлик сўровлари натижадорлигини ошириши, депутатлар, партия гуруҳлари ва маҳалла фаоллари ўртасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантиришига муҳим вазифалардан бири сифатида қаралаётир.

Давра суҳбати иштирокчилари маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаолиятининг ана шу йўналишлари ҳақида атрофлича фикр алмашди. Халқ вакилларининг сайловчилар билан доимий мулоқотини йўлга қўйиш, маҳаллаларда кўтарилаётган масалаларни умумлаштириб, уларни Кенгашлар ва доимий комиссиялар муҳокамасига олиб чиқиш, қабул қилинган қарорлар ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш хусусида сўз юритилди.
Вилоят аҳолиси воҳадаги 723 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшайди. Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларга сайланган депутатлар олис ва чекка маҳаллаларда ҳам бўлиб, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ва сайловчилари дуч келаётган муаммоларни ўрганиб, ўртага ташланаётган масалаларни ҳал этиш чораларини кўрмоқда.

Давра суҳбатида жойларда маҳаллий вакиллик органлари, сиёсий партиялар ва маҳалла институтлари ҳамкорлигини кучайтириш бўйича ўзаро тажриба алмашилди. Маҳаллий вакиллик органлари, сиёсий партиялар ва маҳалла институтлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириб, маҳаллий Кенгашлар фаолиятида очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш юзасидан таклиф, тавсиялар билдирилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири