Орзулар қанот ёзди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Тошкент вилояти Қибрай туманидаги 14-умумтаълим мактабида жаранглаган “Сўнгги қўнғироқ” садолари битирувчи-ёшлар қалбига ўзгача ҳаяжон ва ширин хотиралар билан муҳрланди.
“Юксак маърифатли авлод – Учинчи Ренессанс пойдевори!” шиори остида ташкил этилган тадбирда туман Мактабгача ва мактаб таълим бўлими, вилоят ҳамда туман ИИБ вакиллари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ўқитувчи ва ўқувчилар ва ота-оналар иштирок этди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янгради. Давлатимиз раҳбарининг мактаб битирувчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.
[gallery-29638]
Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама етук инсон этиб тарбиялаш, таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, устоз ва мураббийларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш, ёшларнинг билим олиши учун барча шароитларни яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталди. Катта ҳаётга қадам қўяётган битирувчиларга келгусида ўзлари танлаган соҳанинг етук мутахассиси бўлиб, жамиятда ўз ўрнига эга, юрт равнақига ҳисса қўшадиган инсонлар сифатида камол топиши учун эзгу тилаклар билдирилди.
Таъкидланганидек, мазкур таълим масканида 500 нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олади. Уларнинг 65 нафари жорий ўқув йилида қадрдон мактаби билан хайрлашиб, мустақил ҳаётга йўл олмоқда. Битирувчиларнинг 7 нафари олтин медаль билан мактабни тамомлаётган бўлса, 1 нафари кумуш медалга лойиқ топилди.
Тадбир ўқувчиларнинг бадиий чиқишлари ҳамда саҳна кўринишлари билан яна файзли тус олди.
Ўқув йили давомида муваффақиятга эришган, спорт мусобақалари, билимлар беллашувлари ҳамда халқаро танловларда ғолиб бўлган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
– Кечагина мактаб остонасига қадам қўйган ўқувчиларим бугун вояга етган, мустақил фикрлайдиган, билимли ёшлар сифатида улкан орзулар ва мақсадлар билан ҳаётнинг янги босқичига йўл олмоқда, - дейди 11 “А”-синф битирувчиларининг синф раҳбари Муҳайё Ҳакимова. – Синф раҳбари сифатида уларнинг ҳар бир ютуғи, интилиши ва орзуларига гувоҳ бўлдим. Ўғил-қизларим нафақат дарслардаги фаоллиги, балки одоби, жамоат ишларидаги ташаббускорлиги, ҳамжиҳатлиги билан ҳам бошқаларга ўрнак бўлиб келди. Улар билан фахрланаман. Шогирдларим қаерда бўлмасин, ўз қадрдон мактаби, устозлари ва ота-онасининг ишончини оқлайдиган комил инсон бўлиб етишишига ишонаман.
Барчани ҳаяжонга солган “Сўнгги қўнғироқ” садолари остида битирувчилар қадрдон мактаби, меҳрибон устозлари билан хайрлашди.
Камола Юсупова, ЎзА