Оркестр ва хор жамоалари ижодий бирлашмасининг фаолияти ва режалари тақдим этилди
Ўзбекистон давлат консерваториясида Оркестр ва хор жамоалари ижодий бирлашмасининг фаолияти, амалга оширилаётган ишлари ва истиқболдаги режаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда оммавий ахборот воситалари вакилларига бирлашманинг асосий фаолият йўналишлари, оркестр ва хор ижрочилик санъатини ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар, шунингдек, келгусида амалга оширилиши режалаштирилган ижодий лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 2 июндаги «Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида ижодий бирлашмалар фаолиятини йўлга қўйиш ва қўллаб-қувватлаш, янги истеъдодларни кашф этиш ҳамда уларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган муҳим вазифалар белгиланган. Мазкур ҳужжатнинг 1-иловасида «Оркестр ва хор» алоҳида йўналиш сифатида қайд этилган.

Матбуот анжуманида оркестр ва хор ижрочилиги анъаналарини ривожлантириш, миллий мусиқий меросни асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этиш, ижодий жамоаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда ёш ижрочиларнинг касбий маҳоратини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, бирлашманинг истиқболдаги фаолияти юзасидан белгиланган режалар тақдим этилди. Жумладан, концерт дастурлари ва йирик ижодий лойиҳаларни амалга ошириш, маҳорат дарсларини ташкил этиш, таълим муассасалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро ижодий алоқаларни кенгайтириш ва тажриба алмашинувини ривожлантириш устувор вазифалар сифатида қайд этилди.
Анжуман давомида журналистларнинг саволларига жавоб берилди, шунингдек, оркестр ва хор санъатини янада ривожлантириш, ижодий жамоалар имкониятларини кенгайтириш ва соҳада янги ташаббусларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Н.Усмонова,
ЎзА