Ўқитувчининг меҳнати — қонун ҳимоясида: педагогларга қандай имтиёзлар берилган?
Бугун устозни фақат синфхонада дарс берадиган мутахассис сифатида тасаввур қилиб бўлмайди.
У ёш авлодга билим бериш билан бирга, унинг дунёқараши, тарбияси ва келажакдаги танловларига таъсир кўрсатади. Шу боис педагог меҳнатини муносиб қадрлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланган.
Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ўқитувчининг қадри улуғланган юртда илмга интилиш, қонунга ҳурмат, меҳнатга муносабат ва Ватанга садоқат ҳамиша юксак бўлади. Чунки устозни эъзозлаш — бутун бир миллат келажагини эъзозлаш демак.
Устоз ва мураббийлар куни арафасида ўқитувчиларга қонунчиликда белгиланган айрим имтиёз ва кафолатларни яна бир бор эслатиш айни муддао.
Болаларга таълим-тарбия берадиган педагог ходимлар қонунчиликда белгиланган тартибда доимий равишда бепул тиббий кўрикдан ўтказилади. Педагог ходимларга 56 календарь кунлик йиллик ҳақ тўланадиган узайтирилган меҳнат таътили берилади.
Педагог ходимлар учун иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига кўпи билан 36 соат этиб белгиланган. Демак, ўқитувчининг меҳнат юкламаси ҳам қонун билан тартибга солинади.
Бундан ташқари мактабда фаоллиги, ташаббускорлиги ва ўрнакли меҳнати билан ажралиб турган педагогларни рағбатлантириш механизмлари ҳам мавжуд.
Айниқса, ўқитувчиларнинг ўқувчилари эришган натижалари ҳам муносиб баҳоланади. Масалан, республика фан олимпиадаси ғолибларини тайёрлаган педагогларнинг малака тоифаси бир поғона оширилади.
Педагогларни қўллаб-қувватлашда ҳудуд омили ҳам эътибордан четда эмас. Олис ҳудудларда фаолият юритаётган ўқитувчиларга 50 фоизгача устама тўланиши белгиланган.
Инклюзив синфларда таълим бераётган педагогларнинг масъулияти ва қўшимча меҳнат юкламаси ҳам ҳисобга олинган. Бундай ўқитувчиларга 40 фоизгача устама тўланиши мумкин.
Педагогларнинг меҳнати фақат уларнинг ўзи билан чекланмайди. Қонунчиликда уларнинг фарзандларига ҳам муайян енгилликлар назарда тутилган. Жумладан, педагогларнинг фарзандлари учун контракт тўловига 30 фоиз чегирма берилиши белгиланган.
Педагогларга айрим давлат хизматларини кўрсатишда 50 фоиз чегирма берилади. Бу имтиёз устозларнинг ижтимоий қўллаб-қувватланишига қаратилган чоралардан бири ҳисобланади.
Ўқитувчи касал бўлиб қолганида ҳам унинг ижтимоий ҳимояси назарда тутилган. Қонунчиликда педагогларга айрим ҳолатларда моддий ёрдам кўрсатиш механизмлари белгиланган.
Шунингдек, педагогнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш масаласи ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Ўқитувчининг қонуний фаолиятига аралашиш, уни асоссиз равишда бошқа ишларга жалб қилиш ёки касбий вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш ҳолатлари учун қонунчиликда жавобгарлик чоралари белгиланган.
Таълим соҳасидаги рағбатлантиришнинг яна бир мисоли — “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танлови. Танлов ғолиби бўлган мактабга 500 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилиши назарда тутилган.
Тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган профессор-ўқитувчиларга ҳам уларнинг қўшимча меҳнати инобатга олинган ҳолда тўловлар белгиланган. Хусусан, даволаш-ташхис ишларини бажарганликлари учун қўшимча ҳақ тўланади.
Мактабда дарс бераётган ҳар бир ўқитувчи ўз меҳнати учун қандай ҳуқуқ ва имтиёзларга эга эканини билиши муҳим. Чунки қонун билан берилган ҳуқуқни билиш — унинг амал қилишига эришишнинг биринчи қадами.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА