Қалдирғоч қанотида келган шеърият
Пойтахтимизда ҳар йили «Виноградов ўқишлари» халқаро анжуманининг ўтказилиши яхши анъанага айланган. Унда тилшунослик, адабиётшунослик, лингводидактика, таржимашунослик каби йўналишлардаги янги илмий изланишлар тақдим этилади.
Атоқли тилшунос олим В.Виноградов номи билан боғлиқ мазкур анжуманда тилнинг ривожланиши, глобаллашув давридаги ўзгаришлар, интернет тили, таржима санъати каби долзарб мавзулар таҳлил қилинади. Айниқса, ёш тадқиқотчиларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш ва муҳокама қилиш анжуманнинг муҳим жиҳатларидан биридир.
Тошкентда XXII «Виноградов ўқишлари» бўлиб ўтди. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ташкил этилган анъанавий илмий-адабий анжуман тил, адабиёт, таржима ва маданиятлараро мулоқотнинг долзарб масалаларига бағишланди.

Анжуманнинг энг мазмунли ва самимий лаҳзаларидан бири Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг рус тилида нашр этилган «Отдай ласточкам свои веранды» («Қалдирғочларга бер айвонларингни») китобининг тақдимоти бўлди.
Тақдимотда илм аҳли, адабиётшунослар, профессор-ўқитувчилар, ижодкорлар ва китобхонлар жам бўлди. Суҳбатлар марказида эса бир муҳим масала –шеъриятнинг инсон қалбига етиб бориш қудрати турди.

Адабий анжуманда Ўзбекистон давлат педагогика университети рус тили ва адабиёти кафедраси доценти Андрей Павлюк, таниқли шоир, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон ва бошқалар Сирожиддин Саййиднинг рус тилида чоп этилган мазкур шеърий китоби ҳақида фикрларини билдирди.

Китобдан шоирнинг турли йилларда яратилган сара шеърлари ва эсселари ўрин олган. Уларнинг рус тилига таржима қилиниши Сирожиддин Саййид ижодини кенгроқ китобхонлар доирасига олиб чиқиш, ўзбек шеъриятининг нафасини бошқа тилда ҳам ҳис этиш имконини берган.
Тақдимотда адабиётнинг халқлар ва маданиятлар ўртасидаги маънавий кўприк вазифаси, шеър таржимасида нафақат сўз, балки шоирнинг ички оҳанги, бадиий образлари ва миллий руҳини сақлаш муҳимлиги таъкидланди.
– Бу китоб, ҳеч қандай муболағасиз, ўзига хос ва ноёб асарлардан биридир, - деди Ўзбекистон давлат педагогика университети рус тили ва адабиёти кафедраси доценти Андрей Павлюк. – У рус тилида ижод қилувчи китобхонни Ўзбекистон халқ шоири, «Дўстлик» ва «Меҳнат шуҳрати» орденлари соҳиби, Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати, Чингиз Айтматов номидаги Халқаро академиянинг фахрий академиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, таниқли ўзбек шоири Сирожиддин Саййид ижоди билан яқиндан таништиради.
Сирожиддин Саййид бир қатор шеърий тўпламлар ва эсселар муаллифи. Унинг «Руҳим харитаси» (1985), «Яшасин ёмғирлар» (2007), «Буғдойбўй Ватан» (2011), «Очил, эй гул, ки бўстон вақти бўлди» (2014), «Замон қасри» (2023) каби асарлари адабиёт ихлосмандларига яхши таниш.

Китобнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, Сирожиддин Саййиднинг ўзи ҳам ўзбек адабиёти ва таржимачилиги ривожига муносиб ҳисса қўшган ижодкор. У Александр Пушкин асарларини, Андрей Вознесенскийнинг шеър ва насрларини, болгар шоири Любомир Левчев шеърларини, рассом Пабло Пикассонинг шеърий ижод намуналарини, Абу Ҳомид Ғаззолийнинг «Ибодат лаззати» ҳикматларини, Жалолиддин Румий, Ҳофиз Шерозий ва Рудакий ғазалларини, шунингдек, Александр Файнберг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган.
Тақдимотда ижодкор Рустам Мусурмон ҳам ўз мулоҳазалари билан иштирок этди. У Сирожиддин Саййид шеъриятидаги самимият, миллий руҳ ва инсон қалбига яқин туйғулар ҳақида сўз юритди. Шоир ижодидаги Ватан, инсон, хотира, табиат ва меҳр-оқибат мавзулари хусусида фикрлар алмашилди.

«Отдай ласточкам свои веранды» сарлавҳасининг ўзи ҳам рамзий маънога эга. Қалдирғоч ва айвон тимсоллари инсоннинг ўз уйи, ўз юрти, хотиралари ва меҳр қўниши мумкин бўлган маскан ҳақидаги тасаввурларини уйғотади.
Шеърни таржима қилиш – бир тилдаги сўзни иккинчи тилга ўгиришгина эмас. Бу шоир қалбида туғилган туйғуни бошқа тилда ҳам тирик сақлаб қолиш санъатидир. Сирожиддин Саййид шеърларининг рус тилида янграши ана шу мураккаб ва шарафли меҳнатнинг самараси.

XXII «Виноградов ўқишлари» доирасидаги мазкур тақдимот илм билан адабиёт, таржима билан ижод уйғунлашган самимий адабий учрашувга айланди. Унда ўзбек шеъриятининг рус тилидаги янги жаранглари, таржиманинг бадиий имкониятлари ва адабиётнинг халқлар ўртасидаги маънавий алоқаларни мустаҳкамлашдаги ўрни ҳақида сўз борди. Зеро, ҳақиқий шеър тил танламайди. Унинг энг буюк таржимони инсон қалбидир.
Сирожиддин Саййиднинг «Отдай ласточкам свои веранды» китоби ҳам ўзбек шеъриятининг ана шу қалб тилини рус тилида сўзлаштириб, икки адабий дунё ўртасида яна бир эзгу кўприк барпо этди.

Мазкур китобда бир неча ижодий истеъдод уйғунлашган: шеърлар муаллифининг истеъдоди, тўплам тузувчисининг маҳорати ва таржимонларнинг юксак санъати. Шу боис у нафақат Сирожиддин Саййид шеъриятини рус тилидаги китобхонга етказувчи таржима тўплам, балки икки тил ва икки адабий муҳит ўртасидаги ўзига хос маънавий кўприк сифатида ҳам аҳамиятли. Китоб муҳаррири, тузувчиси, аксарият шеърлар таржимони - атоқли таржимон ва ижодкор Николай Ильин.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири