Осиё конституциявий судлари форуми
Бугун Самарқанд шаҳрида Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциацияси(AACC-ASIA)нинг VII Конгресси ўз ишини бошлайди.
“Рақамлаштириш ва сунъий интеллект шароитида конституциявий одил судлов” мавзусига бағишланган анжуманда дунёнинг 20 дан ортиқ давлатидан келган Конституциявий ва Олий судлар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда етакчи ҳуқуқшунос олимлар глобал технологик трансформация шароитида қонун устуворлиги ва инсон қадр-қимматини таъминлашнинг янги механизмларини муҳокама қилиши кўзда тутилган.
Конгресс олдидан Ассоциация Бош котиблари ва Аъзолар кенгашининг мажлислари ўтказилди. Мазкур тадбирларда ташкилотнинг 2025 йилдаги фаолияти якунлари сарҳисоб қилиниб, 2026–2027 йилларга мўлжалланган устувор йўналишлар, илмий-тадқиқот ва кадрлар салоҳиятини ошириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Хусусан, Аъзолар кенгаши йиғилишида Ассоциация доимий тузилмалари фаолияти, 2025 йил ноябрь ойидан буён раислик қилиб келаётган Ўзбекистон томони бошчилигида амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди. Шунингдек, мажлисда Ассоциация аъзолиги географиясини кенгайтириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, 2027-2029 йилларда раислик масаласи ҳамда нуфузли анжуманнинг бош ҳужжати — Самарқанд декларацияси лойиҳаси муҳокама қилинди.
Ассоциация Аъзолар кенгаши йиғилишини Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси, Ассоциация президенти Мирза-Улуғбек Абдусаломов бошқарди.
– Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди учун Ассоциацияга раислик шунчаки расмий вазифа эмас, балки Осиё минтақасида янги ғояларни илгари суриш, ўзаро ишончини мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни ягона мақсад йўлида бирлаштиришга қаратилган масъулияти миссия, – деди Мирза-Улуғбек Абдусаломов. – Бугун Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мезони – инсон қадри, конституция ва қонун устуворлиги, суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва фуқароларнинг адолатга бўлган ишончини мустаҳкамлашдир. Суд-ҳуқуқ соҳасидаги янгиланишлар ҳам айнан шу мақсадга – одил судловни инсонга янада яқин, очиқ ва самарали қилишга қаратилган. Шу боис биз Ассоциация доирасидаги ҳамкорликни миллий ислоҳотларимиз билан уйғун, ўзаро тажриба алмашинувини рағбатлантирадиган амалий платформа сифатида кўрамиз.
[gallery-31732]
Йиғилишда Ассоциация котибиятлари ҳисоботи эшитилгач, аъзоликни кенгайтириш ва ташқи ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Ассоциацияга 2027-2029 йилларда Филиппин Республикасининг раислик қилишга тайёрлиги ва кейинги президентлик лавозимига номзод масаласи кўриб чиқилди. Самарқанд декларацияси дастлабки тарзда маъқулланиб, якуний қабул қилиш учун Конгрессга киритишга қарор қилинди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари