Пахта теримида 2,7 мингта машина сафарбар этилди
Пахта йиғим-терими мавсуми қизғин давом этаётган бугунги шароитда техниканинг узлуксиз ва самарали ишлаши ҳосилни ўз вақтида ва сифатли йиғишда муҳим омил ҳисобланади.
Шу боис пахта териш машиналарининг техник созлиги, уларга тезкор хизмат кўрсатиш ва эҳтимолий носозликларни зудлик билан бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилги пахта йиғим-терими мавсумида республика бўйича жами 2 700 та юқори унумли пахта териш машинаси жалб этилган. Шундан 1 100 таси жорий йилда харид қилинган янги техникалардир. Қолган 1 600 та машинанинг 1 378 таси 2024–2025 йилларда харид қилинган.
“Ўзагроинспекция” матбуот хизматининг маълум қилишича, республикадаги мавжуд пахта териш машиналарининг техник ҳолати тўлиқ ўрганилиб, уларга мавсумолди техник хизмат кўрсатиш ишларининг белгиланган талаблар асосида ва сифатли бажарилиши назоратга олинган.
Жумладан, пахта териш машиналарини етказиб берган “Боширан”, “Сван”, “ФМ Форлд”, “Кейс” ва “Жон Дир” компанияларининг ҳудудлардаги сервис корхоналари мутахассислари томонидан техник хизмат кўрсатиш ишлари амалга оширилди.
Мавсум давомида техникаларнинг бетўхтов ишлашини таъминлаш мақсадида ҳудудларда 84 та сервис корхонаси ташкил этилган. Тезкор техник ёрдам кўрсатиш учун эса 387 та мобиль сервис гуруҳи шакллантирилган.
Шунингдек, мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган техник носозликларни қисқа вақтда бартараф этиш учун пахта териш машиналарига зарур бўлган мойлаш материаллари ва эҳтиёт қисмлар захираси ҳам яратилган.
Агроинспекция томонидан ҳар бир пахта териш машинаси механизатори билан доимий алоқа ўрнатилган. Техникада носозлик юзага келган тақдирда, сервис хизмати кўрсатилишидан тортиб, машинанинг қайта ишга туширилишига қадар бўлган жараён назорат қилиб борилмоқда.
Техникалардан унумли фойдаланиш мақсадида ҳар бир пахта териш машинасига 2–3 нафар малакали тракторчи-машинист бириктирилган. Улар ҳар 8 соатда алмашиб, машиналарнинг бир суткада ўртача 20–22 соат давомида узлуксиз ишлашини таъминламоқда.
Кўрилаётган чоралар натижасида “Боширан”, “Сван”, “ФМ Форлд” ва “Кейс” русумли пахта териш машиналари ёрдамида ўртача 70–80 тонна, “Жон Дир” русумли машиналар ёрдамида эса 110–120 тоннагача пахта териб олинмоқда.
Пахта йиғим-терими мавсуми давомида пахта териш машиналарининг техник созлиги, улардан самарали фойдаланиш ҳамда аниқланган носозликларни ўз вақтида бартараф этиш устидан назорат ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА