Онкология: протон терапияси марказини ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Хитойнинг "Concord Healthcare Group" компанияси делегацияси билан учрашди. Цзян Вэй (Jiang Wei) бошчилигидаги делегация билан Ўзбекистонда онкологик касалликларни даволашга ихтисослашган протон терапияси марказини ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашувда илғор нур терапияси технологияларини жорий этиш, компаниянинг ихтисослаштирилган клиникаларни бошқариш борасидаги тажрибасидан фойдаланиш ҳамда лойиҳани амалга оширишнинг мақбул ҳамкорлик механизмлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, лойиҳани молиялаштириш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари ва зарур инфратузилмани ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундай марказнинг ташкил этилиши Ўзбекистонда онкологик касалликларни даволашнинг замонавий усулларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларидан беморларга ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш учун шароит яратиши мумкин.
Учрашув якунида томонлар лойиҳа концепциясини батафсил ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш бўйича йўл харитасини тайёрлаш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олди.
М.Қосимова,
ЎзА