Омбудсман: ходимлар ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши натижасида масъулга 41,2 миллион сўм жарима солинди
Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор. Айниқса, ҳуқуқлари бузилган шахслар Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман)га мурожаат қиларкан, мазкур институт имкониятидан ҳимоя топишга умид қилади.
Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари фуқаролардан келаётан ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Масалан, “Сирдарё сув таъминоти” акциядорлик жамияти Ховос тумани бўлими ходимлари дам олиш ва байрам кунлари мажбуран ишга жалб қилинаётгани ҳақида Омбудсманга мурожаат қилган.
Мурожаат минтақавий вакил ҳамда вилоят давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганилди. Ўрганишда ходимларнинг тушунтириш хатлари, Telegram тармоғидаги видеолар ҳамда ишга чиқишга чақирилган аудиоёзувлар ўрганилди. Натижада ходимларнинг дам олиш кунлари ишга жалб қилингани ўз тасдиғини топди.
Ўрганиш якунида бўлим бошлиғи А.П.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисми асосида маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 41,2 миллион сўм жарима тортилди.
Омбудсманга фуқаро Д.С. мурожаат қилиб, давлат мактабгача таълим ташкилотларидан бирида ходимлар мажбурий меҳнатга жалб қилинаётгани юзасидан амалий ёрдам сўради.
Мурожаат Омбудсман томонидан назоратга олиниб, ҳолат Омбудсманнинг Сирдарёдаги минтақавий вакили томонидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси давлат меҳнат инспекцияси жалб этилган ҳолда ўрганилди.
Ўрганиш давомида мурожаатда кўрсатилган давлат мактабгача таълим ташкилотида бир неча ходим ташкилот биноси ва ҳовлисида қурилиш ишлари якунлари бўйича тозалаш ишларига жалб қилингани ва ходимларни “Open budget” порталидаги ташаббусга мажбурий овоз йиғишга жалб қилиш ҳолатлари маълум бўлди.
Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар асосида давлат меҳнат инспекцияси томонидан мазкур ҳолатларда мажбурий меҳнатга йўл қўйилгани ва Меҳнат кодексининг 5-моддаси талаблари бузилгани аниқланди.
Натижада мурожаатда кўрсатилган давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Г.А.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари, яъни 20,6 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилди.
Қайд этиш лозимки, қонунчиликка кўра, ходимни унинг меҳнат вазифасига кирмайдиган ишларга мажбурий жалб қилиш, шунингдек, меҳнат муносабатлари доирасида ҳар қандай шаклда мажбурий меҳнатга йўл қўйиш тақиқланади.
Айтиб ўтиш керакки, 2026 йил биринчи ярим йиллигида Омбудсманга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ҳамда бошқа юридик шахслардан 10,5 мингга яқин мурожаат келиб тушган.
Мурожаатлар иқтисодий, ижтимоий ва шахсий ҳуқуқларга оид бўлиб, 12 фоизи ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар билан боғлиқ масалалар, 7,7 фоизи хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари ва бошқа масалаларга тўғри келган.
Мурожаатларни кўриб чиқиш ва мониторинглар якунлари бўйича давлат органлари ҳамда ташкилотлари ва судларга Омбудсманнинг 70 таъсир чораси киритилган. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра, 12 ҳолатда жиноят иши қўзғатилган.
Омбудсман томонидан фуқароларнинг мурожаатлари асосида ундирилган ҳамда ундириш белгиланган жами маблағлар 26 миллиард 849 миллион сўмни ташкил этган. Шундан, 25 миллиард 937 миллион сўми иш ҳақи ва меҳнат муносабатларига оид.
Омбудсман сўровига асосан, хотин-қизларнинг вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун 435,9 миллион сўмдан ортиқ алимент тўловлари ундирилиши таъминланган.
Мурожаатларни ўрганиш натижаларига кўра, инсон ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйган 14 нафар масъул ходим ҳайфсан, жарима, лавозимидан озод этиш каби интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган.
Зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар мурожаатлари ўрганилиб, 8 нафар фуқарога ҳимоя ордери берилган ва 5 нафар зўравонга ИИБ томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Омбудсманга ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ва адвокатларидан 1 минг 227 мурожаат келиб тушган. Уларнинг 212 таси, яъни 17,3 фоизи бевосита ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахслар томонидан йўлланган.
Мурожаатларнинг асосий қисми суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатлари, суд ҳукмлари, жазони енгиллаштириш ёки муддатидан олдин озод этиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ва бошқа масалаларга тегишли.
Фуқаролар мурожаатлари таҳлили асосида парламентга 5 ҳамда давлат идоралари ва маҳаллий ҳокимликларга 5 таҳлилий маълумот ҳамда ҳуқуқий-таҳлилий хулосалар киритилган.
Ҳар бир мурожаатнинг ўз вақтида ҳал этилаётгани уларни йўллаётган шахсларнинг ҳуқуқлари тикланишига, муҳими, уларнинг адолатга, давлатга ишончи мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.
Норгул Абдураимова, ЎзА