Олмалиқда Мустақиллик айёми катта тантана билан нишонланди
Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллик қутлуғ санаси юртимизнинг барча ҳудудларида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган эзгу ғоя асосида кенг нишонланмоқда. Мазкур шонли сана муносабати билан Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг спорт мажмуасида ҳам тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда комбинат ишчи-ходимлари, шаҳар корхона ва ташкилотлари вакиллари, фахрийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Дастлаб сўзга чиққан “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ бошқаруви раиси, сенатор Абдулла Хурсандов барчани байрам билан самимий табриклади.
Таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг марказида инсон қадрини улуғлаш, халқ фаровонлигини таъминлаш, юрт тараққиёти ва осойишталигини мустаҳкамлашдек эзгу мақсадлар мужассам.
Айни пайтда саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш салоҳиятини юксалтириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, мавжуд қувватларни модернизация қилиш ва замонавий технологияларни жорий этиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Олмалиқ кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган йирик стратегик инвестиция лойиҳалари, ишлаб чиқариш қувватларининг босқичма-босқич модернизация қилиниши, янги иш ўринлари яратилаётгани корхонанинг мамлакат иқтисодий тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини янада оширмоқда.
Жорий йилда ўзининг 65 йиллик қутлуғ тўйини нишонлаётган Мис бойитиш фабрикаси жамоаси учун ҳам самарали меҳнат ва улкан ютуқлар йили бўлмоқда. Кейинги йилларда фабрикада ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулот таннархини камайтириш, энергия ва ресурслардан самарали фойдаланиш, замонавий технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада корхонанинг ишлаб чиқариш имкониятлари кенгайиб, меҳнат унумдорлиги ва самарадорлик кўрсаткичлари изчил ошиб бормоқда.
Тадбирда Олмалиқ шаҳри ҳокими Барҳаёт Мелиев ҳам сўзга чиқиб, йиғилганларга ўзининг байрам тилакларини билдирди.

Тантанали тадбир давомида Президентимизнинг тегишли фармонига мувофиқ, давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган бир гуруҳ комбинат ишчи-ходимлари ҳамда Олмалиқ шаҳридаги корхона ва ташкилотлар вакиллари алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, комбинатнинг илғор ишчи-ходимларига турли даражадаги “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.
Жумладан, Мис бойитиш фабрикаси Янчиш ва флотациялаш цехи майдалагичи Мирзакарам Абдураимов “Меҳнат шуҳрати” ордени, Таъмирлаш-механика бўлими токари Насиба Атабаева эса “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бу юксак мукофотлар, аввало, ўз касбига садоқат билан меҳнат қилаётган, корхона тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган инсонлар меҳнатига берилган муносиб баҳодир.
Байрам дастури маданий-бадиий чиқишларга бой бўлди. “Металлург” маданият саройи ижодкорлари томонидан тайёрланган бадиий композиция томошабинларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Айниқса, Миллий гвардия Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари томонидан буюк саркарда ва давлат арбоби, соҳибқирон Амир Темур сиймосининг саҳнавий талқини юқори маҳорат билан намойиш этилди.
Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар бўлимлари, ОКМК Идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати ходимлари ҳамда “Темурбеклар мактаби” ўқувчиларининг тантанали ҳарбий марши ҳам тадбир иштирокчиларининг олқишларига сазовор бўлди.
Байрам дастуридан спорт намойишлари ҳам муносиб ўрин олди. Комбинат спортчилари ва иқтидорли ёшлар томонидан спортнинг турли йўналишлари бўйича намойиш этилган маҳорат ва кўргазмали чиқишлар тадбирга янада файз бағишлади. Таниқли санъаткорлар — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Озода Нурсаидова ҳамда эстрада хонандаси Миржалол Неъматовнинг дилтортар қўшиқлари йиғилганларни хушнуд этди.
Тантанали байрам тадбири анъанага кўра, осмонни безаган мушакбозлик билан якунланди.
Кўтаринки руҳда нишонланган Мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган байрам тадбири Олмалиқ аҳли ва комбинат жамоаси учун унутилмас таассуротларга бой бўлди.
А.Мусаев,ЎзА