“Оиламга менинг ҳиссам” - бирдамлик ва меҳр байрами
Қўриқлаш хизмати тизимида инсон қадрини улуғлаш, оила фаровонлигини таъминлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишга қаратилган “Оиламга менинг ҳиссам” шиори остидаги кенг қамровли маънавий-маърифий тадбир юқори савияда ташкил этилди. Мазкур тадбирда тизим раҳбарияти, хизмат ходимлари, уларнинг оила аъзолари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, оила, маънавият ва жамият барқарорлигини таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ходимларнинг оилавий муҳитини янада мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, хизмат ва оила уйғунлигини таъминлаш, шунингдек, маънавий баркамол ва соғлом жамиятни шакллантиришдан иборат бўлди. Тадбир аввалида сўзга чиққан раҳбарият вакиллари мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ҳамда оила институтини мустаҳкамлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидлаб, Қўриқлаш хизмати тизимида ҳам ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш устувор вазифалардан бири эканини қайд этди.

Очиқ ва самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувларда ходимларнинг оила аъзолари билан бевосита суҳбатлар ташкил этилди. Унда иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббуслари тингланиб, қатор масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, фарзандларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва уларни турли салбий таъсирлардан асраш каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Айрим мурожаатлар жойида ҳал қилиниб, масъул раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.

Тадбир доирасида ташкил этилган меҳнат ярмаркаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Унда турли ташкилот ва корхоналар томонидан бўш иш ўринлари таклиф қилиниб, фуқароларга ишга жойлашиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шу билан бирга, мутахассислар томонидан касб-ҳунар ўрганиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, кичик бизнесни ривожлантириш ва ўз бизнесини бошлаш бўйича амалий тавсиялар тақдим этилди. Бу эса иштирокчилар учун янги имкониятлар эшигини очиб берди.

Тадбирнинг маънавий-маърифий қисми ҳам мазмунан бой ва таъсирчан ташкил этилди. Хусусан, китоб ярмаркасида бадиий адабиётлар, болалар учун мўлжалланган китоблар, илмий-оммабоп ҳамда маънавий-маърифий қўлланмалар намойиш этилди. Китобхонлик маданиятини оммалаштиришга қаратилган мазкур ташаббус айниқса, ёшлар ва болаларда катта қизиқиш уйғотиб, уларнинг маънавий дунёқарашини бойитишга хизмат қилди.

Кун давомида ташкил этилган “Мен ғолиб” шиори остидаги спорт мусобақалари тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлади. Турли спорт баҳсларида ходимлар ва уларнинг оила аъзолари фаол иштирок этиб, чаққонлик, матонат, жамоавий ҳамжиҳатлик ва соғлом рақобат намунасини намоён этди. Айниқса, ота-оналар ва фарзандларнинг биргаликда иштирок этгани тадбирнинг тарбиявий аҳамиятини янада оширди.
Қизғин ва муросасиз кечган мусобақалар якунида ғолиб ҳамда совриндорлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА