Хаста кўнгилларга меҳру қувонч улашиб
Президент қарори – амалда
Мамлакатимизда инсон манфаатлари ва халқимиз розилигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишидир. Энг муҳими, “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” тамойилини амалга ошириш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатларда ҳеч ким эътибордан четда қолмаяпти.

Табаррук кунлар шукуҳи кезиб юрган айни вақтда юртимизда меҳр ва саховат ишлари янада кенг қулоч ёзмоқда. Президентимизнинг 2026 йил 21 майдаги “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори элимизга хос меҳр-оқибат, инсонпарварлик, шукроналик, саховат ва бағрикенглик фазилатларининг амалдаги ифодаси бўлди.

Мазкур ҳужжат ижроси доирасида Наманганда Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг вилоят вакиллиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан маҳаллаларда моддий ҳимояга муҳтож бемор болаларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ушбу қутлуғ айёмда аҳолини давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.

Бинобарин, алоҳида тоифадаги беморларни тиббий текширувдан ўтказиш, жарроҳлик амалиёти ва даволаш харажатларини қоплаш белгиланган.
Биринчи галда, кам таъминланган, кўмакка эҳтиёжманд беморлар рўйхати шакллантирилди. Ҳудудларда хастаҳолларнинг хонадонидан хабар олиниб, бемор болаларга саломатлигини тиклаш учун ваучерлар топширилмоқда. Бу эса, кўплаб оилаларга умид ва қувонч улашмоқда.
Косонсой туманидаги Қўқимбой қишлоғи, Бешкетмон маҳалласида истиқомат қилувчи Муҳаммаджон Юсубжонов ҳам ана шундай меҳрга ташна кишилардан. Туғма ўпка артерияси клапани стенози хасталиги билан курашаётган бу бемор учун ҳам энди шифо сари йўл очилди. Чунончи, болаликликдан ногиронлиги бўлган фарзандни соғломлаштириш ота-онанинг орзуси эди. Йўқлов жараёнида беморни Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиалида соғломлаштириш учун ваучер тақдим этилди.

Боғишамоллик Хадичахон Абдуманнонова гавданинг термик ва кимёвий кўйиши ҳамда совуқ олишлари оқибатидан азият чекаётган эди. Ҳукуматимиз, хусусан, “Вақф” фондининг молиявий мадади билан унда пластик жарроҳлик амалиёти ўтказиладиган бўлди.

Бундан ташқари, Ўртакўприк маҳалласида яшовчи Нурмуҳаммад Сангилов эса қизилўнгач тутилишида қийналиб юрган эди. Яқин кунларда у бу мураккаб хасталикдан жарроҳлик амалиёти воситасида фориғ бўлади.
Яқин кунларда Наманган вилоятидаги 800 нафардан ортиқ бемор болага юқори малакали тиббий хизмат кўрсатилади. Мазкур чора-тадбирлар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Вақф” хайрия жамоат фондига ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА