Давлат органлари ва ташкилотларида гендерга оид аудит ўтказишнинг тартиб тамойиллари
Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят Кенгаши ҳамда вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамкорлигида “Комплекс гендер ёндашув асосида давлат органлари ва ташкилотларида гендерга оид аудит ўтказишнинг тартиб тамойиллари” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.
Давлат органлари ва ташкилотларида гендер тенглигини таъминлаш, аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятлар яратиш ҳамда инклюзив бошқарув тизимини шакллантиришга қаратилган тадбирда давлат бошқаруви тизимида гендер тенглик принципларини институционаллаштириш, гендер аудит механизмларини амалиётга жорий этиш ва соҳада фаолият юритаётган масъул ходимларнинг билим ҳамда кўникмаларини ошириш ҳақида сўз юритилди.
Тадбир давомида иштирокчилар томонидан давлат ташкилотларида гендер тенглик сиёсати самарадорлигини баҳолаш, кадрлар сиёсатида тенг имкониятлар принципларини кучайтириш, гендер тенглик тамойилларини бошқарув тизимига кенг жорий этиш ва таҳлил қилиш, гендерга сезгир бошқарув механизмларини такомиллаштириш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.
[gallery-29648]
Шунингдек, ўқув-семинарда гендер аудит тушунчаси ва унинг аҳамияти, комплекс гендер ёндашув тамойиллари, халқаро тажриба ва стандартлар, гендер аудит ўтказиш методологияси ҳамда мониторинг механизмлари юзасидан атрофлича маълумотлар берилди.
– Гендер тенгликни таъминлаш нафақат ижтимоий адолат масаласи, балки давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, инсон капитали салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш ва барқарор тараққиётга эришишнинг муҳим омили ҳисобланади, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилоят Кенгаши Гендер-аудитори Маҳбуба Камбарова. – Семинар жараёнида назарий билимлар билан бир қаторда амалий машғулотларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, кейс-стади таҳлиллари, гуруҳли муҳокамалар, вазиятли машқлар, савол-жавоб сессиялари ва гендер аудитга оид намунавий ҳужжатлар таҳлили орқали иштирокчиларнинг амалий кўникмалари мустаҳкамланди.
Семинар якунида давлат ташкилотларида гендер тенгликка оид институционал механизмларни кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, гендер аудитни тизимли йўлга қўйиш, қарор қабул қилиш жараёнларида аёллар иштирокини кенгайтириш ҳамда инклюзив меҳнат муҳитини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари