Оғир атлетика: Тожикистон терма жамоаси Тошкентга келади
Душанбе шаҳрида Ўзбекистон Республикаси cпорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов ва Тожикистон оғир атлетика федерацияси мутасаддилари учрашуви бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Тожикистон оғир атлетикачиларининг қўшма машғулотларини ташкил этиш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, мураббий ва мутахассислар малакасини ошириш, қўшма лойиҳаларни ҳамжиҳатликда иш олиб бориш масалалари муҳокама қилинди.

Ўз навбатида, жорий йил ўсмирлар ва ёшлар ўртасида пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да ўтадиган Осиё чемпионатига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида Тожикистон терма жамоаси учун Ўзбекистон терма жамоаси билан биргаликда ўқув-машғулот ўтказиш масаласи муҳокама қилиниб, маълум келишувларга эришилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА