Спорт мактаблари раҳбарлари учун семинар
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да юртимизда фаолият юритаётган спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган спорт мактаблари директорлари учун ўтказилаётган ўқув-семинар машғулотларининг очилиш маросими таҳлилий ва танқидий руҳда ўтди.
Ўқув-семинарларга старт бериш тадбирида иштирок этган спорт вазири Адҳам Икромов халқаро мусобақалар, нуфузли чемпионатлар, комплекс ўйинларда ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган спортчиларнинг ҳар жиҳатдан салоҳиятли бўлишида спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар раҳбарларидан замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлиш талаб этилаётганини таъкидлаб, машғулотларга жиддий эътибор қаратиш кераклигини айтиб ўтди.

Машғулотлар бошланиши олдидан тегишли спорт ташкилотлари ва муассасаларининг раҳбарлари, бўлим ва бошқарма бошлиқлари, етакчи мутахассислар қатнашган йиғилишда вазирлик бошқармалари томонидан ўз йўналишлари бўйича долзарб тақдимотлар ўтказилиб, мазкур амалиётни спорт мактабларида ҳам жорий этиш зарурлиги бўйича тавсиялар берилди.
Спорт мактаблари раҳбарларининг касбий билим ва кўникмаларини ошириш, замонавий бошқарув механизмларини амалиётга жорий этиш ҳамда спорт муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида ташкил этилаётган семинар дастуридан кадрлар сиёсати, оммавий спортни ривожлантириш, фаолият самарадорлиги ва рейтинг кўрсаткичларини жорий этиш жой олган.

Шунингдек, семинар давомида спорт мактаблари раҳбарлари спортчиларни тайёрлаш тизими, соҳани рақамлаштириш, коррупцияга қарши курашиш, давлат харидлари, спорт инфратузилмасини ривожлантириш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишлаш каби долзарб йўналишлар бўйича маърузалар ва амалий машғулотлар ташкил этилиши назарда тутилган.
Спорт бошқаруви ва соҳани ривожлантиришнинг муҳим йўналишларини қамраб оладиган ўқув-семинар жорий йилнинг 27 июнига қадар давом этади.
Т. Рўзиев,
ЎзА